Оқтоғ ва Қоратоғ ўртасида жойлашган Чуя қишлоғи гўзал табиати билан тилларга тушган. Олимпиада совриндори Давлат Бобонов – тоғлар орасидаги ана шу қишлоқ фарзанди.
Кўплаб мусобақаларда юқори натижа қайд этган спортчи ҳақиқий маънода чуяликларнинг фахрига айланган. Унинг кечаги ғалабаси эса нафақат ота-онаси ва яқинлари, балки бутун қишлоқ аҳли учун унутилмас воқеа бўлди.

“Ўзи курашчилар оиласимиз. Турмуш ўртоғим ҳам, болаларим ҳам курашган, – дейди спортчининг бувиси Мукаррам Бобонова. – Бу набирам ёшлигидан бошқача эди. Қишлоқларда курашиб, солимлар олиб келарди. Гоҳида тинч юр, ўнталаб курашма, дердим. Дарсларни ҳам яхши ўзлаштирарди, аълочи эди. Бобоси спортга берганида ҳам норози бўлганман билими яхши бунинг деб. Кейин Самарқанддаги спорт мактабига бердик.
Мана, бугун биз кутгандан ҳам ортиқроқ ютуқларни қўлга киритмоқда. Ўзи бўлмади бу ютуқларнинг, жуда қийналиб, машаққат билан эришди. Вазн йўқотиш пайтида қўшилиб йиғлаган кунларимиз ҳам бўлди. Шукр, мана кўзлаган манзилига етди. Аммо раҳматли бобоси кўролмади, мана, биз кўряпмиз”.

Давлат Бобонов 1997 йил 7 июнь куни таваллуд топган. Отаси Ҳусниддин Бобонов ўша пайтларда савдо-сотиқ билан шуғулланган ва оиласи билан Тошкент шаҳрига кўчиб кетган. Олимпиада совриндорининг ёшлиги Тошкентда ўтган.
У пойтахтдаги 243-умумтаълим мактабида таҳсил олган. 12 ёшидан Самарқанд олимпия захиралари коллежида, кейинчалик Самарқанд давлат университетида ўқиган. Кўплаб мусобақалар ғолиби, Ўзбекистон ва Осиё чемпиони. Ҳозирги кунда дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Давлатнинг отаси Ҳусниддин Бобонов номдор курашчиларга ҳавас қилиб, ўғлини спорт машғулотларига берганини айтади.

“15 йилдан бери ният қилиб юрган медалимизга эришдик. Қувончимиз чексиз. Буни тасвирлаб беролмайман. Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов каби катта курашчиларга ҳавас қилиб ўғлимни спорт мактабига берганмиз. Давлатнинг дзюдога кириб келишига амакиси, кичик укам Шаҳобиддин Бобонов сабабчи бўлган. 6 ёшдан 12 ёшгача унинг қўлида тарбияланган. Мана, Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлиб, шу даражага етишди”, – дейди ота.
















