Йил бошидан буён Ўзбекистонда бензин нархи 17 фоизга ошган ва нарх ўсиши барқарорлашмаяпти.
Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январ-июн ойларида автомобил бензинининг нархи 17 фоизга ўсган. Ўтган йилнинг июн ойига нисбатан эса нархларда 38,8 фоизга ўсиш кузатилган.
Асосий товар ва хизматлар нархларига қарайдиган бўлсак, биринчи кескин ўсиш ўсимлик ёғларида бўлса, бензин нархи сезиларли ўсишда иккинчи ўринни эгалламоқда.

Ўтган ҳафта давомида ОPEC+ давлатларининг нефт қазиб олиш миқдорини ошириш борасидаги келишувидан сўнг, нефт нархида қисқа муддатли арзонлаш кузатилди. Бу автомобил бензинида импортга ниҳоятда боғлиқ бўлган Ўзбекистон бозорида 80 маркали бензин нархи арзонлаши борасида сигнал бўлиши мумкин эди. Бироқ Ўзбекистонда нархларда ўзгариш деярли сезилмади.
Ўзбекистон товар-хомашё биржасида қисқа муддатли пасайиш пайтида (19 июл) нарх 0,4 фоизга арзонлаганини кўриш мумкин.
Июлнинг сўнгги 10 кунлигида жаҳон бозорида нархлар яна ошишни бошлади, ой охирига келиб бир баррел нефт нархи 75 долларгача кўтарилди. Бу Ўзбекистон бозорига ҳам таъсир қилиши турган гап.
Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Нодирбек Очилов Kun.uz'гa берган интервьюсида айни дамдаги ёнилғи нархларига оид тенденция ҳақида гапирди.
“Ноозиқ-овқат товарлар нархи ўсиши таркибида ёнилғи маҳсулотлари нархи кўтарилиши катта ўринни эгаллайди. Бунда бензин ва пропан нархлари етарли даражада ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Бу биринчидан ташқи бозордаги нархларнинг ошиши билан изоҳланади. Йил бошидан бери нефт нархи 40 фоиздан кўпроққа ўсди. Жаҳон иқтисодиёти тикланиши билан бевосита логистика, транспорт бўйича фаоллашиш кузатилди. Бу ўз навбатида нефт маҳсулотига бўлган талабни оширади.
Иккинчи омил, импорт ва маҳсулот етказиб бериш бўйича рақобат муҳитининг яхшиланиши. Бу кейинчалик нархнинг пасайиш динамикасини ҳосил қилиши мумкин.
















