08:20 / 30.07.2021
4008

Қорақалпоғистонда профилактика инспектори фуқарони калтаклаб ўлдиргани айтилган хабар юзасидан ИИВ расмий изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда фуқаро Бахтияр Даулетмуратов Тахиатош тумани ИИБ профилактика инспектори Саламат Баймуратов томонидан олиб кетилиб, туман ИИБда тан жароҳати етказилгани сабабли вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 23 май куни соат 11:00 да Тахиатош тумани ИИБ навбатчилик қисмига ўзини Рамазон кўчасида яшовчи Г. деб таништирган фуқаро қўнғироқ қилган. У 7-уйнинг олдида бир маст фуқаро ётганини айтган. Хабар юзасидан воқеа жойига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори капитан Саламат Баймуратов етиб борган.

Капитан Рамазон кўчасига борганида ўзини Б.Т. деб таништирган маст фуқарони тиббиёт бирлашмасига олиб бориб шифокор кўригидан ўтказиб, Б.Т.нинг мастлиги ва жароҳати ҳақида «алкогольное опьянение, ушиб легких, рана левой бровной области» деб маълумотнома олинган.

Капитан С.Баймуратов фуқаро Б.Т.ни бўлимнинг навбатчилик бўлимига олиб келиб топшириб, бу воқеа юзасидан бўлим бошлиғи номига билдирги билан ахборот берган. Фуқаро Б.Т. бўлимнинг ҳушёрлик хонасида соғлиги ёмонлашгани сабабли шу кунги навбатчилик қисми навбатчиси томонидан тез ёрдам чақирилиб, касалхонага юборилган.

Кейинчалик фуқаронинг шахси суриштирилганда, Тахиатош туманида яшовчи Б.Д. экани аниқланган. 28 май куни фуқаро унинг опаси С.Д. Тахиатош туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, укасини профилактика инспектори капитан С.Баймуратов уриб тан жароҳат етказганини кўрсатган.

Мазкур мурожаат бўйича туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилиб, 28 июнь куни капитан С.Баймуратовнинг хатти-ҳаракатларида ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмагани тўғрисида хулоса қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча юқоридаги ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси терговга қадар текширув бошланганини, жараён шахсан Қорақалпоғистон прокурори назоратида тургани айтилганди.

Top