UzbekLife’нинг Япониядаги колумнисти Жўрабек Ҳасанов Токиодаги Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди ва мусобақада бронза медалини қўлга киритган дзюдочи ҳамюртимиз Давлат Бобонов билан эксклюзив суҳбат уюштирди.
Токио Олимпиадаси мен учун илк олимпиада бўлди
Токио-2020 Олимпиадаси ҳаётимдаги илк олимпиада ҳисобланади. Токио олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш учун Осиё, жаҳон чемпионатларида ва бошқа бир қатор йирик мусобақаларда қатнашгандим. Аммо Олимпиадада қатнашиш, ундаги атмосфера бошқа турнирлардан умуман фарқ қилишига гувоҳ бўлдим. Бу ерда босим, масъулият бошқа турнирларга нисбатан бирмунча улкан бўлишини ҳис қилдим.
Биласизки, Япония дзюдо ватани ҳисобланади. Бу йилги олимпиада ўйинларининг Японияда бўлиши ва дзюдо ватани бўлган мамлакатда дзюдо бўйича медаль эгаси бўлишим хурсандлигимни бирмунча оширди.
Япония ўзига хос маданиятга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдим
Бошқа мусобақаларда қатнашиш учун аввал ҳам Японияда бўлганман. Бу йилги Олимпиада сабаб яна бир бор Японияга келиш насиб қилди. Ҳар сафар келганимда японларнинг маданиятига, бир-бирига бўлган ҳурматига, шаҳарлар озодалигига қойил қолганман. Ҳозир бу олимпия шаҳарчасида эканман, бунга яна бир карра амин бўлдим.
Ватаним, халқимнинг қўллаб-қувватлаши асосий роль ўйнади
Олимпиада мусобақалари старт олишидан олдин бизнинг мақсадимиз, энг камида, медаль олиш эди. Қуръа ташлангандан кейин рақибларимиз кимлигини билиб олдик. Уларнинг баъзилари менга нотаниш эмас эди. Улар билан аввал иштирок этган мусобақаларда тўқнашган эдим.
Бронза медаль учун кечган жангда Ватаним, халқимнинг қўллаб-қувватлашини узоқдан бўлса-да ҳис қилдим. Трибунадаги ҳамюртларимнинг ҳайқириқлари эса мени ушбу жангда ғалаба қозонишга ундаган асосий омиллардан бири бўлди, деб бемалол айта оламан.
Оила аъзоларимнинг қувончини кўриб кўзимга ёш келди
Ғолиб чиққанимни телевизорда кузатиб турган оила аъзоларимнинг видеосини кўриб, тўғриси, кўзимга ёш келди. Улар билан телефон орқали гаплашганимда ҳам айтишдики, жангни бутун маҳалла кузатишган, уйимиз қўни-қўшниларга тўлиб кетган. Шунда англадимки, Олимпиадада қатнашадиган спортчи ортида бутун халқ турган бўлади. Ҳар бир спортчи буни ҳис қилган ҳолда мусобақада қатнашади.














