Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021-2024 йилларда ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»;
  •  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳамда марказий аппаратининг тузилмаси ташкилий тузилмаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг тузилмаси;
  • Вилоятлар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаларининг намунавий тузилмаси;
  • Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг тузилмаси;
  • Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмаси.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • ўсимликлар карантини, ҳимояси ва агрокимё соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш;
  • тупроқ агрокимёвий таҳлилларини ўтказиш ва қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган барча турдаги минерал ва микробиологик ўғитлар сифатини назорат қилиш, тупроқ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги пестицид, нитрат ва оғир металл тузлари қолдиқларини дала шароитида радиологик-токсикологик таҳлиллардан ўтказиш;
  • ўсимликлар карантини ва ҳимоясида прогноз тизимини такомиллаштириш, зарарли организмларга қарши курашнинг уйғунлашган самарали усулларини белгилаш ҳамда ижросини назорат қилиш, мониторинг олиб бориш, иқтисодий зарар етказиши мумкин бўлган зарарли организмларнинг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш ҳамда йўқ қилиш;
  • ўсимликлар клиникалари ва биолабораториялар тизимини ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқалар.

Агентлик бош директори Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати «Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Агентликка ўтказилади.