Ўзбекистон | 10:35 / 04.08.2021
6334
2 дақиқада ўқилади

Олий суд «снос» масаласида Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 6 йил сарсон қилинган тадбиркор фойдасига ҳукм чиқарди

Фото: KUN.UZ

Олий суд «снос» масаласида олти йил сарсон бўлган тадбиркор манфаатлари учун вилоят Бизнес-омбудсман томонидан тақдим этилган кассация шикоятини қаноатлантирган. Энди Қарши шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга олти йил аввал бузиб ташланган мулки учун компенсация тўлаб беради. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилояти масъули Шероз Шодиев Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, Қарши шаҳрида фаолият юритувчи «Севинч» хусусий корхонаси (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) Бизнес-омбудсман девонига бузилган дорихона биноси учун ҳокимият томонидан компенсация берилмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Суриштирувда аниқланишича, Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 2016 йил 25 мартда хусусий корхонага тегишли кўчмас мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши тўғрисида 19/03-сонли огоҳлантириш хати берилган. Шундан сўнг ҳокимлик томонидан хусусий корхонага тегишли кўчмас мулк биноси яроқсиз ҳолатга келтирилган.

Ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман хусусий корхона манфаати учун Қарши туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритган. Лекин судда бино тўлиқ бузилмагани ҳамда ҳокимлик томонидан хусусий корхонага компенсация тўловини тўлаш мажбурияти юклатилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги таъкидланиб, даъво аризаси рад қилинган. 

Шунингдек, Бизнес-омбудсман Қашқадарё вилоят иқтисодий судига киритган апелляция шикояти ҳам суд томонидан инобатга олинмаган.

Шундан сўнг, Бизнес-омбудсман тадбиркорнинг манфаати учун Олий судга кассация шикояти тақдим қилган. Олий суднинг 2021 йил 2 августдаги қарори билан шикоят қаноатлантирилиб, Қарши шаҳар ҳокимлигидан компенсация тўловини ундириш белгиланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид