Ўзбекистонда кафе ва ресторанларнинг кечки соат 20:00дан кейин ишлашига тақиқ сақланиб қолмоқда. 40 кун олдин жорий этилган чеклов мазкур сектордаги тадбиркорларни оғир аҳволга солиб қўймоқда. Устига-устак, ёпиқ биноларда ишлаш ҳам тақиқланди.

Орада депутатлар ходимларини етарли миқдорда эмлаган кафе ва ресторанларга нисбатан карантин талабларини юмшатишни таклиф қилди, Коронавирусга қарши курашиш штаби ҳам шунга ўхшаш янгилик кутилаётганини билдирди.

Бироқ бу таклифлар республика Махсус комиссияси томонидан ҳозирча инобатга олинмаяпти.

Куни кеча Kun.uz'га мурожаат қилган умумий овқатланиш сектори вакиллари вақт ўтгани сайин уларнинг иқтисодий ҳолати ёмонлашаётганини маълум қилди.

Уларнинг айтишича, чекловлар олиб ташланмаса, умумий овқатланиш соҳасига ўнглаш қийин бўлган зарар етади. Ҳозирда соҳадаги кўплаб ишчи-ходимларга ишсиз қолиш эҳтимоли хавф солмоқда.

“Caвдо 80 фоизга тушиб кетган”

Санжар Мақсудов, тадбиркор, Ўзбекистон рестораторлар гильдияси раҳбари:

— Иккита рестораним ва битта кафем бор, бундан ташқари ишлаб чиқариш корхонасига ҳам эгалик қиламан. Бизда жами 200га яқин ходим ишлайди.

Карантин чекловлари умумий овқатланиш соҳасига жуда ёмон таъсир қиляпти. Жуда кўп кафе ва ресторанлар ё ёпилган, ёки қисқарган режимда ишлаяпти. Савдо 80 фоизга тушиб кетган. Бироқ ижара ва бошқа тўловлар камайгани йўқ. Тўловларни тўлаш жуда оғир бўляпти.

Ишчиларни ё ушлаб туриш, ё бўлмаса қўйиб юбориш керак. Бизнинг соҳада жуда кўп одам ишлайди. Даромадимизнинг 40 фоизи ойликка кетади.

Тошкентнинг ўзида 100 мингдан ортиқ, республика бўйича эса 2 млнга яқин одам бевосита умумий овқатланиш тармоғи ва унга алоқадор соҳаларда ишлайди. Уларга иш ўргатишимиз учун вақт кетган, энди уларни қўйиб юбориш ҳам, ҳозирги ҳолатини кўриш ҳам биз учун оғир.