11:16 / 11.08.2021
31407

Қўрғонтепа тумани прокурори ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ўз уйида ишлатди

Ҳолатни Бош прокуратура текширмоқда. Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари прокурорнинг ҳовлисида “ўз ихтиёри” билан ишлаган бўлса ҳам, уларга ажратилган иш ҳақи давлат корхонаси ҳисобидан тўланганига, айни шу вақтда улар ўзларининг белгиланган меҳнат мажбуриятларини таъминламаганига эътибор қаратиш зарур.

Бир неча кун аввал блогер Хуршид Далиев каналида эълон қилинган суриштирувларда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Ражаббоев Андижон туманида жойлашган участкасида туман ободонлаштириш бошқармаси ходимларини баҳордан кузгача ишга жалб қилиб келгани маълум қилинди.

Фото: Сардор Ражаббоев, Қўрғонтепа тумани прокурори

Шунингдек, ободонлаштириш ходимларининг прокурор уйидаги иш жараёнларидан расмлар ҳам эълон қилинган. Катта эҳтимол билан ободонлаштириш ходимларининг иш ҳақлари давлат томонидан тўланган.

Ҳашар жараёни

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, фуқаролар туман прокурорининг ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилишган. Андижон вилоят прокуратураси эса ишчиларнинг уч нафари туман прокурорининг уйида ихтиёрий равишда ободонлаштириш ишларини олиб боришгани, уларни ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб қилмагани ҳақида айтган.

Депутат агар ободонлаштириш ходимлари туман прокурори уйига бориб ихтиёрий ишлаган ва прокурор хизмат мавқейидан фойдаланиб, уларга босим ўтказмаган бўлса, унда нима учун улар прокурорнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, юқори турувчи идорага мурожаат қилишганига эътибор қаратган.

Шунингдек, ҳолат бўйича холис текширув ва суриштирув олиб боришда гувоҳ ва бошқа шахсларнинг кўрсатмалари олингани, “ишчилар ихтиёрий ишлагани” ҳақидаги тушунтириш хатлари босим йўли билан олинмагани ҳам сўроқ остида қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг маълум қилишича, айни вақтда прокурорнинг уйида “ҳашар” қилингани ҳолати юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 7-моддасига кўра, мажбурий меҳнат, яъни бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.

“Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.

Top