Ўзбекистон | 09:21 / 12.08.2021
2597
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда маст ҳайдовчи уриб юборган пиёда вафот этди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида спиртли ичимлик таъсирида бўлган ҳайдовчи машина бошқариб, одам уриб юборган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 10 август куни соат 00:15 ларда М41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Қумқўрғон тумани Аждарсой маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1539-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Nexia-3 машинаси ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишида кетаётган эркакни уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган пиёда вафот этган.

Дастлабки суриштирув ва экспертиза натижаларига кўра, ҳайдовчи спиртли ичимликлар таъсири остида маст бўлган. Шунингдек, вафот этган шахснинг турмуш ўртоғи аввалроқ вафот этиб, қарамоғида 5 нафар фарзанди борлиги маълум бўлган.

Мавзуга оид