Ўзбекистон | 10:29 / 14.08.2021
7490
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё ҳокими қабулига келган фуқаролар учун сарфланган харажатни туман ҳокимликлари тўлаши маълум қилинди

Қашқадарё вилоятида Зоир Мирзаев қабулига келган фуқаролар учун сарфланадиган маблағ улар яшайдиган туманнинг ҳокимликлари томонидан қопланиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида фуқароларни қабул қилишнинг янги тартиблари жорий этилаётганини маълум қилган. Унга кўра, вилоят ҳокими қабулига келган фуқаролар учун алоҳида хона ташкил этилади. Қабулга келган фуқароларга хонада чой, кофе ва турли ширинликлар берилади. Ой якунида эса ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари ўзи бошқараётган туман ёки шаҳардан нечта фуқаро қабулга келган бўлса, уларга қилинган харажатни вилоят ҳокимлигига тўлаб беради.

«Ҳар ой охирида ҳокимларга хат юбориб, «Бу ой туманингиздан қабулга шунча фуқаро келди ва шу фуқаролар учун шунча харажат қилинди», деб сарф-харажатни кўрсатамиз. Ҳамда пулини ҳокимдан оламиз», — деган Зоир Мирзаев.

Бундан ташқари, Зоир Мирзаев вилоят ҳокими ҳузурига қайси тумандан фуқаро келса, ўша туман ҳокими ёки вилоятдаги ташкилот, бошқарма бошлиғи узоқроқда бўлса ҳам, Zoom орқали қабулга боғланишини ва фуқаро дуч келаётган муаммонинг ечими ҳақида маълумот беришини маълум қилган.

«Бундай тартибда ишлашдан мақсад ҳокимларни сергакликка чақириш ва вилоят ҳокимлигига қабул учун келаётган фуқароларни мониторинг қилиш. Кеча 20 нафар мурожаатчи келиб, «Бизга арзонлаштирилган уй-жой беринг», деяпти. Уларни қабул қилиб уй-жой бериш масаласи ҳокимлик зиммасидан олинганини, арзон уй-жой харидига фалончи ташкилот масъул деб йўл-йўриқ кўрсатдик. Фуқаролар: «Туманда бизга шуни тушунтирмаган-да», деб чиқиб кетяпти. Кўряпсизми, фуқарога бир оғиз тўғри гапни, маслаҳатни бермайдиган раҳбарлар ҳам бор», – деган вилоят раҳбари.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид