Расмий ҳукумат толибларни тўхтатиш учун нима иш қилди?
Афғонистон президенти Ашраф Ғани бир неча кун олдин Мозори Шарифга келиб, маҳаллий қўмондонлар билан кучларни бирлаштириш ва толибларга қарши ҳужум бошлаш масаласини муҳокама қилганди.

Шанба куни Ғани миллатга қисқа мурожаат қилди ва ҳукумат оқсоқоллар ва сиёсий етакчилар, мамлакатдаги турли жамоалар вакиллари, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашув олиб бораётгани ҳақида маълум қилганди.

«Сизнинг президентингиз сифатида, мен келгусида беқарорлик, зўравонлик ва халқимнинг мажбуран кўчирилиши ҳолатларининг олдини олишга ҳаракат қилмоқдаман», дея қўшимча қилганди у.

Ғани одамларни урушга гирифтор қилишга йўл қўймасликни ваъда қилиб, шаҳарларни «Толибон»дан ҳимоя қилишга уринаётган хавфсизлик кучларига миннатдорлик билдирганди.

Аввалроқ Ғани ўз мурожаатида истеъфо ҳақида эълон қилиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Айрим маълумотларга кўра, «Толибон» Ғани ўз постида қолар экан, тинчлик музокараларига киришишдан бош тортишини маълум қилган.

Барча катта шаҳарлар толиблар қўлида

Шанба куни давомида «Толибон» шарқдаги Пактика ва Кунар вилоятлари марказлари Шаран ва Асадобод шаҳарларини эгаллагани хабар қилинганди.

Толиблар блицкриг орқали мамлакатнинг барча йирик шаҳарларини эгаллади ва энди Кобулга таҳдид солмоқда

Ижтимоий тармоқларда толиблар ушбу шаҳарларда ўзларининг оқ байроқларини кўтаргани акс этган тасвирлар тарқалган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод ҳам таслим бўлган.

Шунингдек, Майдон Вардак вилояти маркази, Кобулдан 40 километр жануби-ғарбда жойлашган Майдоншаҳр учун жанглар кетмоқда.

Маҳаллий журналистлардан бирининг сўзларига кўра, Америка ҳарбийлари жума куни толиблар қўлига ўтган Қандаҳор шаҳридаги халқаро аэропортга зарбалар йўллаган.

Жума куни жангарилар Кобулдан 80 км масофада жойлашган Логар вилояти маркази Пули-Аламни ҳам эгаллашганди.

Айни вақтга келиб Афғонистондаги 34 вилоятдан 20дан ортиғининг маркази, барча йирик шаҳарлар толиблар назоратида. Эндиликда ҳукумат қўлида қолган ягона йирик шаҳар - пойтахт Кобулдир.