Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 14 август куни президент топшириғига биноан Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли боғча тарбияланувчиларининг касалланиши билан боғлиқ ҳолатни жойига бориб ўрганди.

Бош прокурорга мутасадди идораларнинг раҳбар ходимлари ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, шу йил 9 август куни мазкур ташкилот тарбияланувчиларидан 19 нафари турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишган ва уларга “ботулизм” касаллигига гумон ташхиси қўйилган.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Бош прокурор мазкур вилоят ва туман прокурорлари ҳамда тергов гуруҳи аъзоларининг тергов жараёни билан боғлиқ ҳисоботларини эшитиб, уларга тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Мазкур жиноят ишининг тергов жараёни бош прокурор томонидан алоҳида назоратга олинди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Шунингдек, мутахассислар томонидан мазкур мактабгача таълим ташкилотининг охирги 10 кунлик таомнома бўйича болаларга тарқатилган ва гумон қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, Тошкент вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси қошидаги лабораторияга текшириш учун юборилган ҳамда судга оид озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси тайинланган.

Мазкур текширув жараёнлари муайян вақтни талаб қилиши ва таҳлил натижалари бўйича заҳарланиш сабабларига аниқлик киритилиши инобатга олиниб, яна бошқа оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида текширув хулосаларини олгунга қадар гумон қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Булардан ташқари, бош прокурор томонидан туман Тиббиёт бирлашмасида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, мактабгача таълимни бошқариш ва бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари билан ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва келгусида бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш бўйича суҳбат ўтказилди ва тегишли кўрсатмалар бериб ўтилди”, – дейилади хабарда.