Кобул қуршовга олиниб, ҳужум бошлангани ҳақидаги хабарлар кўп вақт ўтмай мамлакат ички ишлари вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулсаттор Мирзаквал Tolo News телеканалидаги чиқиши орқали Кобулга ҳужум қилинмаслиги ва ҳокимият тинч йўл билан топширилиши ҳақида маълум қилди.

CNN «Толибон» вакиллари «ҳокимиятни қабул қилиш» учун президентлик саройига келгани ҳақида хабар берган. 

Аввалроқ «Толибон» раҳбарияти ўз ҳарбийларига тинч фуқаролар ҳаёти хавф остида қолмаслиги учун шаҳар ичига кирмасликни буюргани маълум бўлганди. Шунингдек, афғонлардан мамлакатни тарк этмаслик сўралган ва жамиятнинг барча қатламларига янги давлатда жой топилиши билдирилган.

Толибларнинг ваъдаларига қарамай, маҳаллий аҳоли шаҳарни тарк этишга шошилмоқда. Лекин айни вақтда Афғонистоннинг барча чегара пунктлари толиблар қўлида ва мамлакатдан фақат Кобулдаги халқаро аэропорт орқали чиқиб кетиш мумкин.

Ашраф Ғани кетади, фақат шарти бор
Al Arabiya телеканали маълумотига кўра, президент Ашраф Ғани яқин соатлар ичида ўз постини тарк этади ва мамлакатда ҳокимият расман «Толибон» қўлига ўтади.

Шу телеканал Афғонистоннинг собиқ ички ишлар вазири, мамлакатнинг ГФРдаги собиқ элчиси Али Аҳмад Жалолий ўтиш ҳукумати раҳбари вазифасини ўз зиммасига олишга рози бўлгани ҳақида хабар берган. Қайд этилишича, у «мамлакат вақтинчалик маъмурияти раҳбари вазифасини ўз зиммасига олган».

Аҳмад Жалолий. © AP Photo/Musadeq Sadeq

РИА Новости Ашраф Ғани ҳали ваколатларини топширмагани ва маҳаллий сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувларни давом эттираётганини хабар қилган.

Ғани вориси маълум бўлмагунича ҳамда сулҳ ва сайловлар ўтказиш тўғрисидаги келишув имзоланмагунича ҳокимият топширилмаслигини айтган.

Покистоннинг Geo TV телеканали маълумот беришича, Афғонистон миллий келишув бўйича олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла «Толибон» ва Кобул ҳукумати музокараларида воситачилик қилмоқда.

Айни вақтда толибларнинг Доҳадаги офиси раҳбари мулла Абдул Ғани Биродар ҳам Афғонистонга йўлга тушган.

Ашраф Ғани ва бошқа раҳбарлар қочди, толиблар Кобулга киришни бошлади