Бугун биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Абдуллоҳ 17 ёшда, у Эронда туғилган. Онаси Андижон вилоятидан. У 1999 йилда иш топиш мақсадида Ўзбекистондан Эронга кетади ва ўша ерда турмушга чиқади. Оила бир неча йил муқаддам пул топиш учун аввал Туркияга, кейинчалик Ироқнинг ИШИД ишғол қилган ҳудудига бориб қолган.

2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати уюштирган “Меҳр-1” операциясида қайтарилган ўсмир ўзи, ота-онаси ва Ироқдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Ўқлар ёмғири, мажруҳ болалар ва Ироқ лагерларидаги ҳаёт

— Оилада уч синглим ва мен – 4 фарзандмиз. Шу ёшимга қадар мактабда ўқимаганман. Ўқиш-ёзишни, ҳисоб-китобни ҳам билмаганман. Ота-онамдан мени ўқитишларини сўрардим.

Ҳеч қачон бир хил шароитда яшамаганмиз. У ерда вазият жуда оғир – баъзида ёмғирдай ёғилган ўқлар... Бомбалардан болалар танаси парчаланади, оналар боласининг кўз олдида жон беради. Уруш бошланганда жонни асраш учун қочишга тўғри келади. Шу қоч-қочларда оналар болаларини йўқотиб қўйишади.

Ёзнинг иссиғида, қишнинг совуғида палаткаларда яшашга мажбур бўлганмиз. Тўхтовсиз жанглар, тушадиган бомбалар туфайли ҳаво заҳарланган, шунинг учун ҳар хил касалликлар тарқалади.

Уруш анча оғир паллага киргач, Ироқ ҳукуматига таслим бўлдик. Ҳозир ота-онам Ироқ ҳукумати қўлида қолган. У ерда ҳамма миллатдан бор. Улар ҳаммаси қаттиқ пушаймон.

Ота-онам ҳозир аниқ қаерда эканини билмайман. Чунки Ироқдаги лагерда бизни ажратишган. Ўшанда отамни охирги марта кўрдим. Онам ҳаёт эканини биламан, холос.

Лагерда 50-80 киши битта хонада яшашга мажбур бўлганмиз. Тиқилинч, ётишга жой топиш муаммо. Иккита матрасда 5 киши жойлашиши керак. Бошида матрас ҳам етишмаган, бетонда ётишимизга тўғри келган.

“Касал синглимни қўйиб юбораётиб, онам қаттиқ йиғлади”

— Бизга Ўзбекистонга кетишимиз ҳақида хабар келганда, 1,5 яшар кенжа синглим оғир касал эди. Онам унинг ўлиб қолишидан қўрқарди. Ироқ ҳарбийлари унинг қўлидан синглимни тортиб олишганда, онам қаршилик қилиб улардан синглимни қайтариб олди. Шунда онамдан сингилларимни менга ишониб топширишини, ўзим уларга яхши қарашимни айтдим – онамни кўндирдим. Шунда онам жуда қаттиқ йиғлади. Биздан ажралиши қийин бўлган.