Жаҳон | 00:41 / 16.08.2021
83695
3 дақиқада ўқилади

Ашраф Ғани ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилди. У қаердалиги ҳамон номаълум

2014 йилдан буён Афғонистон президенти бўлган, толиблар мамлакат пойтахтини қамал қилгач, шаҳарни тинч йўл билан топширишга қарор қилиб, мамлакатни тарк этган Ашраф Ғани айни вақтда қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

Фото: REUTERS/Stringer

Дастлаб маҳаллий нашрлар Ашраф Ғани хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб ва президент администрацияси раҳбари Маҳмуд Фазли ҳамроҳлигида Тожикистонга учгани ҳақида хабарлар тарқатди.

Кейинроқ New York Times Афғонистон президенти Ашраф Ғани рафиқаси ва икки яқин вакили билан Ўзбекистонга келган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди.  «Интерфакс»нинг Тошкентдаги манбаси эса Ғани Ўзбекистонга келгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Унинг айтишича, Ғанининг самолётини қабул қилиш бўйича ҳеч қандай сўров келиб тушмаган.

Ҳукуматни тинч йўл билан топширишга масъул бўлган махсус кенгаш таркибига кирган Абдулла Абдулланинг айтишича, Ғани якшанба куни ҳукуматнинг катта делегацияси таркибида Доҳага бориши ва ҳукуматни тинч йўл билан топшириш жараёнида қатнашиши режалаштирилганди. «Ашраф Ғани мамлакати ва халқи қийин ҳолатда бўлган вақтда Афғонистонни тарк этишга қарор қилди. Унинг қарорига мен эмас, халқ баҳо берсин. Бу учун Аллоҳнинг олдида жавоб бериш керак бўлади», деган жаноб Абдулла.

Ашраф Ғани қаерга кетгани ҳақида яна бир тахмин бор. Kabul News нашрининг ёзишича, Ашраф Ғани Уммонга учган. Шунингдек, нашр Ғани мамлакатдан ўзи билан 5 миллион евро нақд пул олиб чиқиб кетмоқчи бўлгани, лекин бунинг имкони бўлмагани ҳақида ёзди.

Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этгач, баёнот берди. У фейсбукдаги саҳифасида мамлакатда қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида мамлакатни тарк этгани ҳақида ёзди. Унинг айтишича, толиблар Кобулга ҳужум қилмоқчи эди.

«Меҳрибон Аллоҳ номи билан бошлайман! Қадрли ватандошлар. Мен бугун қуролланган толиблар билан юзма-юз қолиш ёки 20 йил давомида хавфсизлиги учун жонимни аямаганим ватанимни тарк этишдек оғир танлов қаршисида қолдим. Олти миллион инсон яшайдиган Кобулимиз қон ичида қолмаслиги учун кетиш керак деган қарорга келдим. Улар менгача етиб келишди, улар Кобулга ҳужум қилишга тайёр эдилар.

Толиблар жангни қилич ва қурол билан енгишди. Энди улар инсонларнинг ҳаёти, саломатлиги учун жавобгар. Улар ҳокимиятини қонунийлаштириши, фуқароларнинг ҳам қалбини забт этиши керак бўлади. Ахир ҳукумат легитимлиги қўшиб топширилмайди, унга эришиш керак.

Энди улар (толиблар) олдида иккита танлов турибди: ёки Афғонистоннинг шаъни ва мақсадларини ҳимоя қилишади ёки ўз манфаатларини устун кўришади. Толиблар бутун афғон миллати, аёлларимиз, опа-сингилларимиз билан ҳисоблашиши керак бўлади. Аниқ режа тузинг ва барчасини халқ билан маслаҳатлашинг. Мен доим афғон халқи билан бўламан. Яшасин Афғонистон», деб тугатган мурожаатини Ашраф Ғани.

Мавзуга оид