Ўзбекистон | 09:06 / 19.08.2021
3165
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда маст ҳолда фуқароларни калтаклаган ва гўзаллик салонига зарар етказган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Самарқандда маст ҳолда фуқароларни калтаклаган ва гўзаллик салонига зарар етказган шахслар ушланган ва уларга Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган. Гумондорлар процессуал тартибда қамоққа олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 11 август куни соат 17:00 ларда Жомбой туман ИИБ Навбатчилик қисмига Жомбой тумани «A.Қурбонов» МФЙда жойлашган ошхона олдида жанжал бўлаётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида фуқаро A.Ж. маст ҳолатда ошхона олдидаги аёллар гўзаллик салони ёнида телефонда гаплашиб турган фуқаро Ғ.С.ни ҳақорат қилиб, унга шилқимлик қилиши натижасида жанжал келиб чиққан. Жанжал оқибатида фуқаро A.Ж., Ғ.С. ва унинг онасини уриб тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг A.Ж. ўзининг бир қанча ҳамроҳлари билан гўзаллик салонининг дераза ва эшикларни синдириб, жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларни қасддан менсимасдан, жанжални давом эттирган.

Қайд этилишича, жанжалнинг барча иштирокчилари ушланган ва ИИБга олиб келинган. Ҳолат юзасидан 12 август куни Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.

Таъкидланишича, жанжалнинг барча иштирокчилари шахсига аниқлик киритилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид