12:33 / 21.08.2021
46289

“Меҳнатимдан уялмайман” — ғишт қуйиб сотаётган аёл

Қишлоқ жойларида кўпчилик оғилхона, тандирхона ёки қўрғон девор қуришда халқ орасида “дев ғишт” дея аталадиган ғишт туридан фойдаланади. Ҳажми анча катта ҳамда вазни оғир бўлгани учун уни девга қиёслашади. Навоий вилояти Кармана туманининг Боғишамол маҳалласида яшовчи Нигора Ҳамроева ҳар йили минглаб ана шундай катта ҳажмли ғишт қуйиб сотади.

Асли самарқандлик бўлган Нигора Ҳамроева ҳаётнинг аччиқ синовларига дуч келиб, 3 нафар фарзанди билан ёлғиз қолган. Бундан 4 йил олдин яқинларининг ёрдами ҳамда ўзининг меҳнати билан Кармана туманидаги Боғишамол маҳалласидан қурилиши битмаган ҳовли сотиб олган. На электр энергия, на табиий газ бўлган ҳовлининг томорқаси ҳам чуқур қилинмаганди.

Томорқани ковлатиб, тупроғини ташиб чиқиш учун техника ва маблағ керак. Боши қотган она бир ўқ билан икки қуённи уришнинг йўлини топган. Таъкидлашича, аввалига ўзларининг чала қурилишини давом эттириш учун ҳовли сатҳидан ғишт қуя бошлаган. Кейинчалик ғишт қуйиб сотиш мумкинлигини ўйлаб, бу ишга жиддий киришган. 4 йилдан буён ғишт қуйиб сотаётган она бугун шунинг орқасидан фарзандларини ўқитаётганини айтади.

Бу ерлар қир эди. Тупроғини ташишга техника ва пул тополмай, ўзимиз кетмон билан ковлаб, ғишт қуя бошладик. Мана, уйимиз ҳам, томорқамиз ҳам анча эпақага келиб қолди. Меҳнатимдан уялмайман. Аксинча, оғир вазиятда ўзимда куч ва имкон топа олганимдан фахрланаман. Ҳозир рўзғоримиз шу меҳнатимиз билан ўтяпти, фарзандларимни ўқитяпман. Ҳозирда болаларим ўқув марказига қатнаб, араб тилини ўрганмоқда. Ҳали камчилигимиз кўп. Муҳими, ҳаёт синовларида сабр билан ҳаракат қилинса, кўп нарсага эришиш мумкинлигини тушундик”, — дейди Нигора Ҳамроева.

Бу ишларда онага икки нафар ўғли кўмакдош. Бири лой тайёрласа, иккинчиси ташиб ёки қолипга солиб туради. Она фарзандлари ҳам меҳнат қилиб топилган пул қадрли бўлишини ҳис қилаётганидан мамнун.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Р/с: Лавҳа орқали бир оиланинг оғир кунини эмас, бир аёлнинг матонатини кўрсатишни мақсад қилдик. Чунки фарзандларининг келажаги учун ҳалол меҳнат қилиб, ғишт қуйиб сотаётган Нигора Ҳамроевадаги матонат бизни ҳайратга солди.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top