Жамият | 16:56 / 24.08.2021
20734
2 дақиқада ўқилади

Жароҳат спортдан айирган Гулноза: у оёққа туришдан умидини узмаган

Фарғона шаҳридаги Нафосат маҳалласида нафосатли спорт тури – гимнастикада ёшлигиданоқ муваффақият қозонган қиз яшайди. У бир вақтлар спорт гимнастикаси бўйича ёшлар мусобақасида халқаро турнирларда совриндор бўлган. Аммо спортчининг душмани бўлмиш жароҳат қаҳрамонимизни ҳам четлаб ўтмади...

Гулноза Камолова 22 ёшда. Унинг тўшакка михланиб қолганига 8 йил бўлди. Спортчи Германия ва Россияда бўлиб ўтган халқаро турнирларда Ўзбекистон жамоаси сафида бронза медалини олган.

У Японияда бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарлик кўраётиб, йиқилган ва ногирон бўлиб қолган. Энг ачинарлиси, 2013 йил 14 август куни баландликдан қулаган гимнастикачи 2 сентябр куни Японияга учиб кетиши керак эди. Гулноза машъум воқеа юз берган вақтда 14 ёшда бўлган.

Спортчи 8 йилдан буён бир жойда, юра олмайди. У гимнастика ўйинларини энди фақат телевизорда кўрмоқда. Ногиронлар аравачасида бироз сайр қилгани чиқиб ҳам тез толиқиб қолади.

«6 ёшимдан спорт гимнастикасига қатнай бошлаганман. Мураббий ўшанда мени кўриб: «Сендан спортчи чиқмайди», деган. Спортга қизиққаним учун ўз устимда ишлаб, катта мусобақаларга чиққанман. Тошкент, Навоийдаги мусобақаларда, «Умид ниҳоллари»да 1-ўринни олганман. Германия ва Россиядаги мусобақаларда бронза медали олганман.

Японияда бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарлик кўраётганимда, турникдан йиқилиб, бўйним синиб қолган. 2014 йил Россияда даволаниб келдим, 2016 йил яна Туркияда операция бўлдим, лекин ўзгариш бўлмади. Эртанги кунга ҳали-ҳануз ишонч кўзи билан қарайман. Тузалиб кетсам, спорт мураббийи бўлмоқчиман», дейди Гулноза.

Спортчи уй ичида зерикканида ногиронлар аравасида сайр қилади. Томошабин тўла майдонларда елиб-югуриб ўйин намойиш қилган онларини қўмсайди. Тезроқ тузалиб, яна катта ареналарга қайтишни орзу қилади. У оёққа туриб кетишидан умидини узгани йўқ...

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид