Рақамли саноатлаштириш бугунги кунга келиб давлатлар иқтисодиётининг ривожланишидаги асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланди. 2019 йилда саноатни рақамлаштириш жаҳон рақамли иқтисодиётининг 84,3 фоизини ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 35 фоизини ташкил этди. Ривожланган мамлакатларда саноатни рақамлаштириш рақамли иқтисодиётнинг 86,3 фоизини ташкил қилди. Ривожланаётган мамлакатларда бу улуш 78,6 фоизни ташкил этди. Ривожланган давлатлар алоқа ва дастурий таъминот соҳасидаги энг кучли вакиллар бўлиб, улар электрон тижорат ва илғор ишлаб чиқариш билан шуғулланишни энг биринчилардан бўлиб бошлаб берган мамлакатлар қаторига киради.
Рақамли индустриализация тармоқлар бўйича тақсимланиши ва бирламчи, иккиламчи ва учламчи тоифаларга ажратилиши мумкин. Фаолият турига кўра биз уларни қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ажратишимиз мумкин. Дунёда, хизмат кўрсатиш соҳасида рақамли трансформация бошқа икки секторга қараганда тезроқ суръатларда рўй бермоқда (қуйидаги расмга қаранг).

Бу, асосан, ҳар бир секторнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Хизмат кўрсатиш соҳасида рақамли трансформация ишлаб чиқаришга қараганда осонроқ амалга оширилади, чунки хизмат кўрсатиш соҳасида доимий харажатлар камроқ, транзакция харажатлари эса юқори. Қишлоқ хўжалигида рақамли трансформацияни амалга оширишда тўсиқлар кўпроқ бўлади, чунки бу соҳадаги ишлаб чиқариш катта даражада атроф-муҳит ва табиий омилларнинг таъсирига боғлиқ.
Ривожланган мамлакатларда кўпинча рақамлаштириш ва ўсиш кўрсаткичлари ҳар учала секторда ҳам деярли бир хил мувозанатда ортиб боради. Улар одатда янгиликларни биринчилардан бўлиб жорий этиш борасида устунликка эга бўладилар ва уларда саноатни рақамлаштириш учун мустаҳкам асос бор. Бу мамлакатларда тармоқларнинг кўпчилиги рақамли технологиялардан фойдаланади, уларнинг алоқа тармоқларига уланиш фоизлари борган сари ортиб бормоқда ва улар ақлли технологиялар билан нисбатан кўпроқ таъминланган.
IDC прогнозларига кўра, 2022 йилга бориб жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 65 фоизи рақамлаштирилади. 2020 йилдан 2023 йилгача рақамли трансформацияга киритиладиган тўғридан тўғри инвестициялар 6,8 трлн долларни ташкил этади.
Ҳозирги вақтда корхоналарнинг рақамли трансформациянинг 1.0 моделидан 2.0 моделига ўтиши кузатилмоқда.
Булутли ҳисоблаш, катта маълумотлар, мобиллик ва ижтимоий тармоқ технологиялари 2007 йилдан буён катта қизиқиш уйғотмоқда ва корхоналар бу ахборот технологияларидан вақти-вақти билан инновациялар киритиш учун фойдаланмоқдалар. Бу давр 1.0 рақамли трансформация даври бўлди.


















