Ўзбекистон | 08:41 / 24.08.2021
4770
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркорнинг «снос» қилинган мулки учун компенсация тўламаган Қарши шаҳар ҳокимлиги судда ютқазди

Фото: KUN.UZ

Тадбиркорнинг «снос» қилинган мулки учун компенсация тўламаган ва унинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирган Қарши шаҳар ҳокимлиги судда ютқазган. Энди ҳокимлик тадбиркорга суд қарори асосида компенсация маблағини тўлаб беради. Бу ҳақда Kun.uz’га Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори О.Хуррамов хабар берди.

Маълум қилинишича, Бизнес-омбудсман девонига Қарши шаҳрида фаолият юритувчи «Давр» МЧЖ (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) бузилган кўчмас мулки юзасидан компенсация маблағи тўланмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мазкур мурожаат юзасидан бизнес-омбудсман вакиллари ўрганиш олиб борган.

Ўрганишда аниқланишича, «Давр» МЧЖ 2012 йил 12 июлдаги олди-сотди шартномасига мувофиқ Қарши шаҳри, А.Темур кўчаси 118-уйда жойлашган умумий майдони 182,41 метр квадрат бўлган ёшлар маркази ва цех биносининг бир қисмини сотиб олган. Мазкур олди-сотди шартномаси асосида Қарши шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати давлат унитар корхонаси томонидан 2012 йил 6 августда кадастр ҳужжати расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, Президентининг 2013 йил 25 июлдаги ПҚ – 2010-сонли қарори билан тасдиқланган Мавжуд радиаль магистрал йўлларни кенгайтириш ва реконструкция қилиш орқали транспорт ҳаракатини такомиллаштиришнинг комплекс схемасига мувофиқ савдо дўкони биноси жойлашган Қарши шаҳрининг А.Темур кўчасида капитал ремонт ва реконструкция ишларини амалга оширилган.

Мазкур кўчада «снос» ишлари бошланганда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан «Давр» МЧЖга 2017 йил 24 июлда 1/115-сон огоҳлантириш хати берилиб, савдо дўкони биноси юқоридаги қарор асосида бузилишга тушгани маълум қилинган. Кейинчалик эса ҳокимлик томонидан тадбиркорлик субъектига компенсация тўланмаган ҳолда кўчмас мулк бузиб ташланган.

Қайд этилишича, «Давр» МЧЖнинг бузиб ташланган кўчмас мулк учун компенсация маблағини тўлаб бериш тўғрисидаги мурожаатлари Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Фуқаролик кодексининг 206-моддаси талабига кўра олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.

Шундан келиб чиқиб, ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъекти манфаатида судга даъво ариза киритилган. Қарши туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 10 августдаги ҳал қилув қарори билан Қарши шаҳар ҳокимлигидан «Давр» МЧЖ фойдасига 226 миллион 57 минг сўм компенсация маблағи ундириш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 20 августда президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқатида вилоят ҳокимликларига «снос» бўйича маблағларни 1 сентябрга қадар тўлаб бериш топшириғи берилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид