Kun.uz мухбирининг хабар беришича, «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармойиши асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан таклиф киритилган.

Бугунги Олий суд мажлисига 115 нафар шахсга нисбатан келиб тушган 6 та жиноят ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилганда, уларда суд мажлиси баённомаси, суд қарори ёки ҳукм мавжуд эмаслиги, ишларда фақатгина ОГПУнинг учлик мажлиси баённомасидан кўчирма борлиги аниқланган.

r_3d-OBS4cVkwkzEujg5iv8mEHw3XSFj.jpg (1280×853)

Суд мажлисида қуйидаги ишлар кўриб чиқилди:

1. Носирхон тўра ва бошқаларга оид (92 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан. Мавжуд иш материалларидан аниқланишича, ушбу жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар ҳибсга олингач, дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўлсада, сўнг тазйиқлар остида айбларига иқрорлик билдириб кўрсатув берганликлари сўроқ баённомасида ўз ифодасини топган, уларнинг ўртасида юзлаштириш ўтказилмасдан, фақат берган кўрсатувлари ишга тикилган.

2. Ибрагимбек Чакабаев ва бошқаларга оид (16 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан. ОГПУнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомасидан кўчирма мавжуд. Бироқ ОГПУнинг ҳукми мавжуд эмас: 1932 йил 13 апрелда жиноят иши ОГПУ томонидан кўриб чиқилиб, отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмаган, жиноят ишида суд ҳукми ёки баённомаси мавжуд эмас.

3. Терегулов Осман Игматулович ва бошқаларга оид (4 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан. Ушбу фуқаролар маъмурий сургун қилиш Комиссиясининг 1922 йил 5 мартдаги қарорига кўра концлагерларга юборилган, айримлари отишга ҳукм қилинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари алоҳида иш юритувга ажратилган.