Қашқадарё вилояти Қарши туманида кўп қаватли уйда қамалиб қолган 2 ёшли қизча ФВБ ходимлари томонидан қутқарилган ва соғ-саломат ота-онасига топширилган. Бу ҳақда вилоят ФВБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 2 сентябрь куни соат 18:45ларда вилоят ФВБ навбатчилик диспетчер хизматига Қарши тумани Чаман маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи фуқаро 2 ёшли қизчаси уйда ёлғиз қолиб, кириш эшиги қулфланиб қолгани ҳақида хабар бериб, ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаатга кўра, вилоят ФВБ қутқарув отряди айтилган манзилга соат 18:55 ларда етиб бориб, қисқа вақт ичида махсус қурилмалар ёрдамида темир эшикни очишган. Қутқарувчилар қаровсиз қолдирилган қизалоқни яқинларига соғ-саломат топширган.

Аниқланишича, хонадоннинг газ плитаси ҳам ёқиқ ҳолда қаровсиз қолдирилган. Қутқарувчилар томонидан газ плитаси ўчирилган ва хонадон соҳибларига электр, газ ускуналарини ёқиқ ҳолда қаровсиз қолдирмаслик борасида зарур тавсиялар берилган.