«Толибон» Афғонистонни эгаллагач, кўплаб ҳарбийлар Ўзбекистонга қочишга ва шу орқали жон сақлашга уринди. Август ойи ўрталарида афғон армиясининг ҳарбий учувчилари Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, Сурхондарёдаги пахта майдонига қўнгани акс этган видео интернетда тарқалди. Хўш, ўша учувчиларнинг ҳоли не кечди? Улар қанча эди ўзи? Reuters ахборот агентлиги учувчилар билан телефон орқали гаплашиб, бу борада суриштирув тайёрлади.

Уч ҳафтадан буён Термизда қолаётган ҳарбий учувчилар АҚШ уларни эвакуация қилишини интизор бўлиб кутмоқда. Аскарлар уларга етарлича тиббий хизмат тақдим этилмаётганини айтиб ўтишган. Шунингдек, улар фақат эгнидаги кийим-бош билан қолиб кетган. «Агар бизни Афғонистонга қайтаришса, улар (толиблар) бизни ўлдириши 100 фоиз аниқ», дейди учувчилардан бири Reuters билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, Термиздаги аввал коронавирус беморларини даволаш учун қурилган лагерда 465 нафар афғонистонлик бор.

«Толибон» босими

Афғон армияси учувчиларининг Термизда эвакуацияни кутиб ётгани АҚШ президенти Жо Байденни танқид қилиш учун яна бир асос бўлади. У шундоғам армияни олиб чиқиб кетиши ва тартибсиз эвакуация сабаб кўп танқидларга учради. АҚШ ҳукуматининг собиқ ва ҳозирги вакиллари ҳукумат Термиздаги учувчилар эвакуациясини пайсалга солаётганини танқид қилишмоқда. Уларнинг фикрича, «Толибон»нинг қочоқларни қайтариш борасида сўрови сабаб икки ўртада Ўзбекистон ноқулай аҳволда қолмоқда.

АҚШ сенатининг Қуролли кучлар қўмитасини бошқарувчи демократлар вакили бўлган сенатор Жек Рид Термизда қолаётган афғон учувчилари тақдиридан хавотирда эканини маълум қилган: «Бу учувчилар толиблар қўлига тушмагани яхши бўлди. Биринчидан, уларнинг хавфсизлиги учун. Иккинчидан, бу инсонлар махсус ўргатилган ҳарбий маҳоратга эга», дейди сенатор Рид Reuters билан суҳбатда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Ҳербстнинг фикрича, учувчиларнинг Термизда қолаётгани сабаб Ўзбекистон толиблар босимига учраб, ноқулай ҳолатда қолади. «Ўзбекистон толиблар билан яхши муносабат ўрнатишга уринаётган вақтда шу муаммо сабаб улар билан тескари бўлиб қолишни истамайди. Ўз навбатида, улар биз билан ҳам муносабатлар ёмонлашишини хоҳламаяпти», деган айни вақтда сиёсий таҳлилчи бўлиб ишлаётган жаноб Ҳербст. Унинг фикрича, бу вазиятда мамлакатлар мувозанатни сақловчи ҳаракатни амалга ошириши керак.

Америкалик генерал Дэвид Ҳикс 2016-17-йилларда Афғонистон ҳаво кучларини бошқарган. Унинг фикрича, Давлат департаменти қийин аҳволда қолган афғон учувчилари ҳақида маълумот олгандан кейин тезда ҳаракатни бошламаган. «Тўғриси, улар бу борада нимадир қилаётганига ҳам ишонмайман», дейди генерал.