Шимолий Корея коммунистик давлат ташкил этилганининг 73 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказди. Унда баллистик ракеталар намойиш этилмади, лекин тўқ сариқ рангдаги ҳимоя комбинезонлари, газниқоблар ва бошқа тиббий респираторлардаги одамлар колоннаси олиб ўтилди.

Парадда шунингдек 2013 йилдан буён илк марта Ишчи-деҳқонлар Қизил гвардияси — КХДР фуқаролик мудофааси кучлари ҳам иштирок этган.

Парадда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этган.

Суратларда болалар даврасидаги анча озғин бўлиб қолган доҳийни кўриш мумкин. Кузатувчилар сўнгги ойларда жаноб Ким вазн ташлаганини қайд этишган; бунинг сабаби номаълум ва бунга ҳеч ким расман изоҳ бермаган.

Бу мамлакатда озиқ-овқат танқислиги юзага келгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан йироқ, лекин Шимолий Корея Covid-19 пандемияси даврида озиқ-овқат етишмовчилиги билан боғлиқ оғир муаммога дуч келган, шу туфайли кўплаб шимолий кореяликлар тўйиб овқатлана олишмаяпти.

Пайшанбага ўтар кечаси ўтказилган парадда  давлат нашрларида эълон қилинган суратларга кўра, ўт ўчириш машиналари ва тракторлар ҳам иштирок этган, шунингдек салют отилган.

Парадда махсус кийимдаги одамлар ҳам ўтгани мамлакатда Covid-19 тарқалишининг олдини олиш учун махсус кучлар тузилганини англатиши мумкин.

Таҳлил
Лора Бикер, BBC’нинг Сеулдаги корреспонденти

Шимолий Кореяда парадлар икки мақсадга хизмат қилади.

Баъзида бу янги ҳарбий техникалар ва баллистик ракеталарни ташқи дунёга намойиш этиш вазифасини бажаради.

Аммо парадлар асосан айниқса қийин даврларда ички сиёсатни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилади. Бу жанговар руҳни кўтариш ва фуқароларга ҳарбий қудрат кучини мушакларнинг кучли овози остида кўрсатиб қўйиш воситасидир.

Парадда махсус ҳимоя кийимларидаги одамлар кўриниш бериши Пхеньян ўз фуқароларига Covid-19 тарқалишига қарши курашни давом эттираётганини кўрсатишни истаганини билдиради - ҳолбуки Шимолий Корея расман вирусдан зарарланиш ҳолатини қайд этмаган.