Ўзбекистон | 15:17 / 09.09.2021
1654
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қарийб 6 килограмм марихуана сақлаб келаётган фермер хўжалиги ишчиси ушланди

Қашқадарё вилояти Косон туманида фермер хўжалигига қарашли товуқхонада қарийб 6 килограмм қуруқ ҳолдаги марихуана гиёҳванд моддасини сақлаб келаётган ишчи қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 4 сентябрь куни Косон тумани ИИБ ходимлари томонидан «Қорадори-2021» кенг қамровли тадбири ўтказилган. Тадбирда Косон тумани «Жиззалик» МФЙда жойлашган фермер хўжалигига қарашли бинолар кўздан кечирилганда товуқхона ҳамда молхонада яшил рангли, ўткир ҳидли ўсимлик қуритмалари борлиги аниқланган. Улар тегишли тартибда холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ ЭКБнинг судга оид кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра фермер хўжалигидан олинган ўсимликлар марихуана гиёҳванд моддалари экани аниқланган. Уларнинг соф оғирлиги 5 755,6 граммга тенглиги кўрсатиб ўтилган.

Дастлабки суриштирувда мазкур гиёҳванд моддани фермер хўжалигида ишчи бўлиб ишловчи, муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси билан судланган, Косон тумани «Қуйбоғ» МФЙда яшовчи 1970 йилда туғилган фуқаро К.Ш. етиштиргани аниқланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро К.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисм «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид