Куз фаслида кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар тузиш фаоллашади. Нархларни аниқлашда сизга ёрдам бериш учун OLX таҳлилчилари 2020 ва 2021 йил август ойлари учун хонадонларнинг ўртача нархлари динамикасининг хулосасини туздилар. Тадқиқот объекти – Тошкент шаҳрининг турли туманларидаги иккиламчи уй-жой бозоридаги бир, икки, уч ва тўрт хонали хонадонлар.

Ўртача олганда пойтахтда ҳолат қуйидагича: бир хонали хонадонлар 9 фоизга, икки хонали хонадонлар 12 фоизга, уч хонали хонадонлар 4 фоизга, тўрт хонали хонадонлар 10 фоизга қимматлашган. 

Биз сизга кўчмас мулкларнинг шаҳар туманлари бўйича тузилмаси таҳлилини тақдим этамиз, чунки жойлашув нафақат хонадонни танлашда, балки унинг қийматини аниқлашда ҳам муҳим мезонлардан биридир. Эътибор беринг: ҳар хил турдаги хонадонларнинг ўртача нархлари динамикаси ҳар бир ҳудуд учун индивидуалдир. Бу кетма-кетлик бир хонали хонадоннинг нархига асосланиб, энг баланддан пастга қараб кўрсатилган.

Шаҳарнинг энг обрўли ва қиммат туманларидан бўлган Миробод туманида хонадонларнинг нархи 344 миллион сўмдан бошланади. Бу ерда икки хонали хонадонлар нархининг нисбатан кўтарилиши кузатилмоқда – 508 миллиондан 599 миллион сўмга.

Яккасарой тумани энг қиммат кўчмас мулк рейтингида иккинчи ўринда туради. Ушбу туманда барча турдаги хонадонлар нархининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Бир хонали хонадон ўртача 301 миллион сўм атрофида, икки хонали хонадоннинг нархи 434 миллион сўм – 18 фоизга ошган.

Юнусободда, айниқса, бир (17 фоиз) ва икки хонали (19 фоиз) хонадонлар нархининг ўсиши кузатилмоқда. Уч хонали хонадон нархи 13 фоизга ошди, тўрт хонали хонадон нархи эса атиги 6 фоизга ошди.

Шайхонтоҳур туманида бироз бошқача ҳолат кузатилмоқда: бир хонали хонадонлар 12 фоизга, икки хонали хонадонлар 17 фоизга, уч хонали хонадонлар 11 фоизга, тўрт хонали хонадонлар 23 фоизга ошди.