Бугун ҳар бир ёш қалбида янги ренессанс сари дадил одимлаб бораётган янги Ўзбекистонга муносиб бўлиш, уларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш вазифаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, янги жамиятнинг навқирон авлоди нафақат пухта билимли, юксак салоҳиятли, балки ўз тақдирини мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлаб, ижтимоий фаолликни муносиб намоён эта олиши муҳимдир.
Бу борада олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар 24 минг нафарга яқин талаба-ёшларни бағрига олган Фарғона давлат университетида муносиб акс-садо бермоқда. Олийгоҳнинг юртимизга ҳар томонлама етук, юқори салоҳиятли, кенг дунёқарашга эга, маънавий баркамол авлодни тарбиялаб беришга қаратилган саъй-ҳаракатлари эзгу самара бераётгани қувонарлидир.

Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон стратегияси" асарида илгари сурилган устувор вазифалар тақдимотига бағишланган "Янги Ўзбекистон стратегияси" - миллий тараққиётимиз истиқболи" мавзусидаги тадбир ёшлар ўртасида янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадига қаратилди.
Талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар, турли ташкилот ва муассасалар масъуллари, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирок этган тадбирни Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов очиб, Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси қандай яратилаётганини билиш бугунги ёшлар учун жуда муҳимлиги, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон стратегияси" асарини ҳар бир ёш ўқиб, унинг моҳиятини теран англаши зарур бўлган қимматли китоб эканлигини таъкидлади.


- "Янги Ўзбекистон стратегияси" асари мамлакатимизда учинчи ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиётимизнинг истиқболлари ҳақидаги муҳим манбадир. Ушбу китоб халқимизнинг уйғониш даври асосларини яратиш билан боғлиқ эзгу орзу-интилишлари, уларни амалга ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларни атрофлича таҳлил этишга хизмат қилади, - деди ректор.
Тақдимотда сўз олганлар Президент асари ўзида яқин ва ўрта истиқболдаги янги Ўзбекистон қиёфасини акс эттирганига алоҳида урғу беришди.
















