Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Якка тартибдаги тадбиркорларнинг (ЯТТ) солиқ идораларига даромад солиғини тўлаганлиги ҳақидаги ҳисоботни топшириш мажбурияти бекор қилинади. 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТлар белгиланган ижтимоий солиқ ставкасини икки бараварга пасайтирилган ҳолда тўлайди.

«Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Белгиланишича, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:

·       Якка тартибдаги тадбиркорларнинг (ЯТТ) солиқ идораларига даромад солиғини тўлаганлиги ҳақидаги ҳисоботни топшириш мажбурияти;

·       алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТлар белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилади.

2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функциялари тегишли тартибда бекор қилинади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланади ва рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.