Жаҳон | 10:14 / 20.09.2021
2652
2 дақиқада ўқилади

Канадада навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтади

20 сентябрда Канадада навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтади. Мамлакат аҳолиси яқин 4 йил учун парламент қуйи палатасида улар манфаатларини ким ҳимоялашини белгилашларига тўғри келади. Сайловларда ғалаба қозонган партия етакчиси мамлакат бош вазирига айланади. 

Фото: Getty Images

Канадада навбатдаги сайловлар 2023 йилда ўтиши керак эди, бироқ бош вазир Жастин Трюдо раҳбарлик қилувчи Канада либерал партияси парламентда кўпчилик ўринга эга эмас. Шу сабабли Трюдо 15 августда парламент тарқатилиши ва 20 сентябрда навбатдан ташқари сайловлар ўтишини эълон қилган. У пандемияга қарши курашдаги муваффақиятлар ортида кўпроқ овоз олиб, 2019 йилда қила олмаган иши – кўпчилик ҳукуматини шакллантириш илинжида сайловларни иложи борича эртароқ ўтказишга умид қилган.   

Бироқ бош вазирнинг бу қарори Канада жамиятида салбий қабул қилинган. Аҳолининг аксарияти ҳамда мухолиф партиялар пандемия шароитида сайловларни ўтказиш номақбуллигини айтишган. Бундан ташқари, жорий сайловлар кўриладиган хавфсизлик чоралари сабабли мамлакат тарихидаги энг қимматбаҳоси бўлади. Уларга 610 млн Канада доллари (482 млн доллар) сарфланади. Аҳолининг фикрича, ушбу маблағлардан оқилoнароқ фойдаланиш ҳам мумкин эди.

Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларга 22 партия ва мустақил номзодлар қўйилган. Канадада сайлов участкалари соат 8:30да очилиб, соат 19гача фаолият олиб боради.  

Қуйи палатадаги 338 ўрин учун асосий кураш мамлакатдаги энг оммавий сиёсий кучлар ўртасида боради, булар: ҳукмрон Канада либерал партияси, Канада “яшиллар” партияси, “Квебек” блоки ва ҳоказо.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид