Айни кунларда мазкур ҳолат бўйича тергов ишлари якунланган ва иш судга оширилган.
Марҳумнинг қариндошлари тергов натижаларидан қониқмади
31 август куни марҳум Азизбек Аҳмедовнинг яқинлари тергов хулосасидан норози бўлиб Kun.uz таҳририятига келишган эди. Марҳумнинг амакиси Исомиддин Жамолов, укаси Аслиддин Аҳмедов, онаси Муҳаббат Аҳмедова ва беваси Сайёра Аҳмедова марҳумнинг ўлимига сабаб бўлган вазиятда ЙПХнинг 3 нафар ходими бевосита иштирок этган бўлса-да, уларнинг фақат бир нафари — Каттақўрғон туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси собиқ бошлиғи, лейтенант Меҳриддин Қўчқоровга жиноят иши доирасида айблов эълон қилинганидан норозилик билдиришди. Бунга далил сифатида вилоят прокуратурасининг жавоб хати ҳам кўрсатилганди.

«Spark» машинаси ичида солиқчининг мажбуран қийноққа дучор этилишида бевосита иштирок этган кичик сержант Нодир Исмоилов ва кичик сержант Шаҳбоз Раҳимбердиев жазодан қутулиб қолаётгани марҳумнинг қариндошларини ғазабга солган. Бу борада юқори турувчи прокуратура органларига қилган мурожаатлари самара бермаганини таъкидлашган эди.

Жиноят ишида бир киши айбланиб, иш судга юборилгани ҳақида жабрланувчиларга жавоб хати берилганидан 17 кун ўтиб, Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов 16 сентябр куни Kun.uz’га берган маълумотида жиноят иши доирасида 2 кишига айб эълон қилинганини билдирган. Иш эса мазмунан кўриб чиқиш учун 14 сентябр куни судга ўтказилган.
Бундан жабрланувчиларнинг хавотирлари асосли бўлган ва уларнинг Бош прокуратурага йўллаган мурожаатлари кор қилган, деган хулосага келиш мумкин.
«Қайчиланган» боди-камера тасвирларининг тўлиғи
Боз устига, ички ишлар вазирлиги томонидан ЙПХ ходимларидан бирига тегишли бўлган боди-камерадан олинган тасвирлар қисқартирилиб, марҳум солиқчининг зарарига монтаж қилинган. 2та боди-камеранинг таҳририятга тақдим этилган тўлиқ тасвирларида «Spark» ичида нималар содир бўлганига ойдинлик киритиш мумкин.























