Суҳбат давомида икки танлов орасидаги инсоният, тубанлашиб бораётган «янги инсон», фикрсизлик жаҳолати, вазифасини унутган жамият зиёлилари, ёшлар, мигрантлар ҳамда глобаллашаётган дунёда ўзбекликни сақлаб қолиш муаммолари ҳақида сўз боради.

— «Мувозанат», «Янги инсон», «Исён ва итоат».

Эътибор берсак, кўплаб асарларингизнинг бош қаҳрамонлари аросатда, икки танлов ўртасидаги шахслар. Бири моддият ва маънавият ўртасида, яна бири ичкари ва ташқари орасида сарсон.

Хўш, нега доим қаҳрамонларингиз икки танлов орасида қолади? Балки бу ўз шахсиятингизнинг аксидир. Чунки хоҳлайдими ёки хоҳламайдими ёзувчининг шахсияти доим у яратган қаҳрамонларга кўчади.

—  Яхши кузатув. Аслида ҳаётнинг ўзида бор шу икки йўл, танлов. Эсланг, «Авесто»да кун билан тун, эзгулик билан ёвузлик доим жанг қилади. Насронийлик ва Ислом каби муқаддас динларда ҳам Худо ва иблис, Раҳмон ва шайтон мавжуд. Буддавийликда инсон эзгу амаллар қилиб яшаса, нирвана даражасига кўтарилади, йўқса, у қурт-қумурсқа, ўт ёки ит бўлиб қайта синовга ташланади, дейилади. Яъни икки йўлни, дилеммани мен ўйлаб топганим йўқ, у доим бўлган. Ҳаётни диққат билан кузатсангиз, сизнинг ҳам ҳар кунингизда бор шундай танлов. Ана, кўчага чиққанингизда ағанаб ётган бир кишига кўзингиз тушди, дейлик. Унга ёрдам бериш керакми ёки индамай ёнидан ўтиб кетиш тузукми? Иккита йўлми шу? Иккита йўл. Кўпинча, “бир ароқхўр-да энди”, дея ёрдам бермаслигимизни оқлаб юрамиз. Лекин юраги ушлаб қолиб ёки бошқа сабаб бўлиб йиқилиб қолган бўлса-чи? Бу ҳақда ўйлашни истамаймиз, тўғрими?.. Демак, инсоннинг ҳаёти ҳамиша, ҳамма даврларда доимо яхши ва ёмон, нур ва зулмат орасидан ўтган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Чунки дунёнинг ўзи шундай қурилган. Шунингдек, унинг қурилиш материалларидан бири моддият бўлса, бошқаси маънавиятдир. Бу масалага муносабатда ҳам инсон яна ўша азалий яхшилик ва ёмонликнинг чиғириғидан ўтади. 

Энди ичкари ва ташқарига келсак, бу ҳам ана шу танловларни ҳосил қиладиган асосдир. Карл Густав Юнгнинг «Психологик типлар» деган тадқиқоти бор. Унда инсонларни икки катта типга бўлади: интроверт ва экстраверт. Бири кўнгилга қулоқ солади, ташқари билан иши йўқ, иккинчиси кўнгилга тупуриб қўйиб, ташқарининг талаблари бўйича яшайди. Қаранг, шу ерда ҳам иккилик бор экан.

Яхшиликни, эзгуликни танлайдиган одамлар кўпроқ ичкарига қулоқ солувчилар бўлади, маънавиятга эш юради. Аксинчалар эса ташқарининг талаблари асосида яшайди, яъни моддиятга кўз тикишади. Шунинг учун мувозанат керак. Ҳамма ишда, ҳар доим модда ва маъно ўртасида мувозанатни ушлаб яшаш керак.