ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди.
Шавкат Мирзиёев ўз ташрифини янги ташкил қилинган Бўзатов туманида бошлади. Жуманазаровлар хонадони вакиллари, маҳаллий фаоллар ва ОАВ ходимлари билан мулоқотдан сўнг президент Қорақалпоғистон фаоллари билан учрашди.

Кириш сўзини қорақалпоқча бошлаган Шавкат Мирзиёев Янги Қорақалпоғистон ғояси албатта амалга ошиши ҳақида сўз юритди.
“Ҳурметли жаси улкенлар, азийз апа-сингиллер, навқиран жаслар!
Бугун мана шу қадимий ва саховатли заминда, қайта ташкил қилинган Бўзатов туманида сиз, азизлар билан, мард ва танти, меҳнаткаш ва бағрикенг Қорақалпоғистон халқининг вакиллари – муҳтарам оқсоқоллар, мунис опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз билан кўтаринки кайфиятда учрашиб турганимдан бахтиёрман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга, бутун қорақалпоқ элига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва самимий тилакларимни билдираман.
Хабарингиз бор, бу галги учрашувимиз мамлакатимизда давом этаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан ўтказилмоқда.Сайловолди учрашувларини энг аввало Қорақалпоғистон диёридан бошлаётганим албатта бежиз эмас. Илгари ҳам айтганман, бугун ҳам катта мамнуният билан такрорлайман – мен ўзимни қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди деб биламан.
Бу сайлов барчамиз, бутун эл-юртимиз учун Ўзбекистоннинг, унинг таркибий қисми бўлган Қорақалпоғистоннинг бундан кейинги тараққиёти қандай бўлади, мамлакатимиз қандай ривожланиш йўлидан боради, фарзандларимиз, оиламиз, бутун юртимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир.
Албатта ҳар бир сайловчи, ҳар бир фуқаро эртанги кунга режалар қилади. Албатта, номзод сифатида мен маъруза қиламан, сайловолди режамни билдираман. Лекин истагим, ўзаро мулоқот қилайлик, қорақалпоқ элини қийнаётган муаммолар бўйича гаплашайлик.
Менинг жуда катта истак-ниятларим барча имкониятларимизни ватанимиз тараққиётига сафарбар қилайлик. Биз 5 йил олдинги Ўзбекистон, 5 йил олдинги Қорақалпоғистон эмасмиз. Энди режаларимизни тўғри тузиб олсак, уларни бажариш осон бўлади.
Ўзингиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибсиз, ўтган беш йиллик муддат бутун мамлакатимиз, халқимиз учун оғир синовлар даври бўлди. Биз Аллоҳ таолонинг марҳамати, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз қийинчиликларини мардона енгиб ўтмоқдамиз.



















