Куз мавсуми бошланиб, иқлим салқинлашган сари аҳоли орасида грипп ва ЎРВИга чалиниш эҳтимоли ошиб боради. Миллий эмлаш календарига асосан, гриппга қарши эмланиш жараёнлари сентябрь-октябрь ойларидан бошланиб, март ойигача давом этади.
Коронавирус пандемияси шароитида бу каби касалликлардан ҳимояланиш, айниқса, муҳим ҳисобланади. ССВ Матбуот хизмати шуларни инобатга олиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Рустам Икромовга грипп ва унга қарши эмланиш жараёнлари ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилди.
— Гриппга қарши эмланиш касалликдан қанчалик ҳимоя қила олади?
— Грипп ўз вақтида самарали даволанмаса, организмда асоратлар қолдириши мумкин. Ҳеч қайси вакцина касалликдан буткул ҳимоя қила олмайди. Вакцина олганлар гриппга 100 фоиз чалинмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди.
Аммо гриппга қарши вакцина йўриқномасида 98 фоиз ҳимоя қилиши кўрсатилган. Шу сабабли ҳар йили минглаб юртдошларимиз бу вакциналарни қабул қилмоқда.
— Юртимизда гриппга қарши вакциналарнинг қандай турларидан фойдаланилмоқда?
— Четдан олиб кирилаётган ҳар бир вакцина сифати ва самарадорлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаси томонидан текширилиб, амалиётга жорий қилишга рухсат берилади.
Юртимизга турли давлатларда ишлаб чиқилган вакциналар олиб келинади. Самарадорлиги энг юқори бўлган вакциналар Нидерландия, Германия, Хитой, Ҳиндистон, Россия Федерацияси томонидан ишлаб чиқарилади.
Гриппга қарши вакцина қабул қилаётганда ҳар бир фуқаро ўз хоҳишига кўра турли давлатларда ишлаб чиқилган вакцинадан бирини танлаши мумкин.
— Вакцинанинг таъсир кучи қанчага етади?
— Ҳамма вакциналар каби мавсумий гриппга қарши вакцина ҳам организмда 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ишлаб чиқади. Таъсир кучи 1 йилга етади.
— Биламизки, ҳозирда коронавирусга қарши вакцина олишга қарши кўрсатмалари бўлган фуқаролар эмлаш жараёнларига жалб этилмаяпти. Гриппга қарши вакцина олишда ҳам шундай чекловлар борми?
— Эмлашдан олдин шифокор томонидан албатта эмланувчи шахснинг умумий саломатлиги текширилиб, шунга кўра вакцинация қилиш-қилмаслик белгиланади. Яъни эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак.

















