
Германия канцлери Ангела Меркель уч йил олдин навбатдаги сайловларда иштирок этмаслигини маълум қилганди. Шу туфайли ХДИ ҳокимиятни бой бериши ҳам мумкин.
Сайловолди сўровлари Германияда Христиан-демократлар иттифоқи/Христиан-социалистлар иттифоқи блоки ўнг-марказчилари ва Социал-демократик партия сўл-марказчилари коалицияси ҳукмронлиги даври ниҳоят якунланишини кўрсатган.
Бу «оғир вазнли» партиялар учун бериб келинган овозларнинг бир қисмини 2015-2016 йиллардаги миграция инқирози даврида майдонга чиққан ва аксилиммиграция йўналишидаги ўнг популистларнинг «Германия учун муқобил» партияси олиши кутилмоқда, сўнгги вақтларда «яшиллар» партияси ҳам сезиларли кўтарилишга эришган.
Бундан ташқари, шу вақтгача партия учун эмас, Меркель хоним учун овоз бериб келган сайловчилар энди ХДИдан юз ўгириши тайин.
Натижада рейтинги бир-бирига яқин уч етакчи партия - социал-демократлар, ХДИ ва яшиллар коалицияси юзага келиши мумкин: Меркель давридаги барча тўрт сайлов циклида икки партия (ХДИ ва СДП) коалицияси тузилганди.
- Сўнгги сўровномаларга кўра, Германия социал-демократик партиясини 25 фоиз сайловчилар, ХДИ/ХСИни 23 фоиз, «Яшиллар»ни 16,5 фоиз, Германия озод демократик партиясини 11 фоиз, «Германия учун муқобил» партиясини 10 фоиз ва «Сўллар»ни 6 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлашга тайёр.
Бу коалиция таркиби бўйича бир неча вариантлар бор. Социалистлар ва яшиллар етакчилари сайловолди кампанияси якунида ўз қарашлари яқинлигини намойиш этишди. Бундан ташқари, барча етакчи сиёсатчилар бўлажак ҳукуматга «Германия учун муқобил»ни қабул қилишдан бош тортган.
Янги ҳукмрон коалиция қандай кўринишда бўлмасин, немис шарҳловчилари ташқи сиёсатда жиддий ўзгаришлар бўлишини кутишмаяпти.

Социал-демократлар кўп йиллар давомида Москва билан ХДИдан кўра дўстона муносабатда бўлиб келган, аммо партия етакчиси Олаф Шолтз собиқ канцлер Герхард Шрёдер каби «Путиннинг дўсти» эмас (гарчи Шрёдер ҳукумати даврида партия бош котиби бўлган эса-да). Умуман олганда, бу кампания давомида Шолтз ҳам бошқа партиялар етакчилари каби ташқи сиёсат ҳақида кўп гапирмади, гапирса ҳам шу вақтгача Меркель олиб борган сиёсат йўналишидан чиқмади. Унинг асосий тезиси: Германия ташқи сиёсатни Европа Иттифоқи билан келишган ҳолда юритиши керак.








