Ўзбекистон | 17:46 / 28.09.2021
5747
2 дақиқада ўқилади

Ис газидан заҳарланиш, чақнаш ва ёнғинлар. ФВВ куз-қиш мавсумида нохуш вазиятларнинг олдини олишга чақирди

2021 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 134та кўнгилсиз ҳодиса ва 6 мингдан ортиқ ёнғинлар юз берган. Бу ҳақида АОКАда бўлиб ўтган Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикасига бағишланган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Даврон Қамбаров маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Россия ва Қозоғистон Республикаси ҳудудларидан совуқ ҳаво оқимлари кириб келмоқда. Бундай вазиятларда кўплаб тадбирлар ўтказилишига қарамасдан ёнғинлар, кўнгилсиз ҳодисалар сони ошиши кузатилади.

Даврон Қамбаровнинг маълумот беришича, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ва ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида 134та ҳолат содир бўлган. Мазкур ҳолатларнинг 39таси фавқулодда вазият сифатида баҳоланган. Ушбу кўнгилсиз ҳолатларда 77 киши ҳаётдан кўз юмган, 58 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Шунингдек, 2021 йилнинг 8 ойида республикада 6691та ёнғин содир бўлган, 97 киши оламдан ўтган ва 159 нафар шахс жароҳатланган. Ёнғинларнинг сабаблари таҳлил қилинганда уларнинг 31 фоизи электр ускуналар носозлиги, 28 фоизи очиқ оловдан фойдаланиш, 22 фоизи иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш, 10 фоизи болалар шўхлиги оқибатида юз берган.

 “Қиш мавсумида юз берган ёнғинларнинг ҳар учтадан биттаси айнан иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз мосламалардан фойдаланиш оқибатида юз берган”, дея таъкидлайди вазирлик мутасаддиси.

Шунингдек, куз-қиш мавсуми бошланиши билан юз бериши мумкин бўлган турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дахлдор идоралар: “Ҳудудгазтаъминот” ҳамда энергия таъминоти идоралари билан биргаликда 529та ишчи гуруҳлар, 204та таъмирлаш-тиклаш отрядлари ташкил этилган.

Бошқарма бошлиғи аҳолини хонадонларда газдан фойдаланишда эътиборли бўлишга, носоз электр иситиш мосламаларидан фойдаланмасликка, турли нохуш вазиятларда дарҳол 104 рақами орқали хабар беришга чақирди.

Мавзуга оид