Ўзбекистон | 13:29 / 29.09.2021
22506
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар ўқимайди, бизнинг катта муаммомиз шу – Шавкат Мирзиёев

Андижонда сайловчилар билан учрашган Шавкат Мирзиёев қуйи бўғиннинг иш тизимини танқид қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

 “Мен туман ҳокимларидан сўрайман: қишлоқ хўжалиги билан неча фоиз шуғулланяпсан? 10 фоиз, деб жавоб беришади. Қолган 90 фоиз нима билан шуғулланяпсан, деган саволга жавоб йўқ. Бизда қуйи бўғинда муаммолар бошланади. Ҳокимлар ўқимайди, биласизларми, бизнинг энг катта муаммомиз шу.

Мен ташкил қилаётган янги тизимда ҳамма масала маҳаллада ҳал қилинади. Ҳокимиятлардаги бюрократия йўқолади. Энди маҳаллий бюджет маҳаллада бўлади. Бундан 5 йил аввал вилоятда, туманларда маҳаллий бюджет бўлади, дейилганда ҳеч ким ишонмаганди. Мана, бўлди-ку, қилса бўлар экан-ку. Ҳозир биргина Самарқанд вилоятида 570 млрд сўм маҳаллий бюджет шаклланган. Ҳокимнинг қўлида пули бўлса, қўли узун бўлади, йўл қуради, мактаб, шифохона барпо қилади, кам таъминланганга ёрдам беради. 

Туман инвестиция соҳаси раҳбарлари тадбиркорлар олиб борган лойиҳаларни Тошкентга олиб бориб тақдим қилади. Нотўғри бу. Бир вақтлар бу ўзини оқлаган бўлиши мумкин, лекин бундай ишлаш энди бўлмайди. 

Шунинг учун, туман ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари қошида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқувчи “Лойиҳа гуруҳи” ва кичик геология экспедицияси ташкил қилинади.

Таҳлиллар натижаларидан келиб чиқиб, “Лойиҳа гуруҳи” томонидан лойиҳалар тайёрланади ҳамда ушбу туманнинг тадбиркорлари иштирокида ташкил қилинадиган “Ҳолдинг компанияси” томонидан амалга оширилиши таъминланади.

Бунда, Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси мазкур лойиҳаларнинг 30 фоизигача қисмини молиялаштиради. Мана тадбиркорлар учун қанча имконият", деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид