Сурхондарёда Damas машинасидан 24 миллион сўмни ўғирлаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида Damas машинасидан 24 миллион сўмни ўғирлаган шахсларга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил 16 сентябрь куни Шўрчи тумани Какан маҳалласида яшовчи, Б.Ботир туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида 15 сентябрь куни соат 20:00 ларда, яшаш уйи олдида турган Damas машинаси ичидан 24 миллион сўм пулини номаълум шахслар ўғирлаб кетганини билдирган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида ушбу ўғирликни Денов туманида яшовчилар: Ш.Шерзод, Д.Даврон ва К.Комил содир этгани аниқланиб ушланган. Улардан ашёвий далил олинган.
Қайд этилишича, 21 сентябрь куни Ш.Шерзод, Д.Даврон ва К.Комилга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.