Грузиядаги ҳукмрон партия «Грузия орзуси» маҳаллий сайловларда овозларнинг қарийб ярмини қўлга киритди, аммо мухолифат мамлакатдаги асосий шаҳарлар мэрлиги учун ўтказиладиган иккинчи турда уларга жиддий рақобат кўрсатмоқчи. Собиқ президент Михаил Саакашвилининг кутилмаган ташрифи ва ҳибсга олингани изсиз кетмади ва мухолифатнинг бир қисмини илҳомлантирди, аммо бу ғалаба учун етарли бўлмади.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, шанба куни ўтказилган муниципал сайловларда Грузиядаги ҳукмрон партия ҳисобланмиш «Грузия орзуси» қарийб 47 фоиз овоз тўплаган.

Аммо ўзини ўзи бошқарувчи шаҳарларнинг бирортасида (муниципалитетлар) биринчи турда партиянинг мэрлик учун номзодлари ғалабага эриша олмади ва мухолифатчилар буни ютуқ сифатида ҳисоблашмоқда.

Грузияликлар сайловларда 64 муниципалитет, шу жумладан, бешта ўзини ўзи бошқарувчи шаҳарларда мэрлар ва сакребуло (шаҳар кенгаши) депутатларини танлашди.

Мухолифатдагилар бу сайловларни муддатидан олдин ўтказилган референдум деб атади ва бу «Грузия орзуси»нинг ўн йиллик бошқарувига барҳам бериши кераклигини айтишди. Мухолифатнинг бундай кутилмаси шу йил баҳорида ЕИ воситачилигида Грузиядаги сиёсий кучлар ўртасида тузилган келишувнинг бир банди билан боғлиқ.

Келишувга кўра, агар ҳукмрон партия маҳаллий сайловларда 43 фоиздан камроқ овоз тўпласа, кейинги йилда парламент учун муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши кўзда тутилганди.

Бу келишувни имзолаган аммо кейинроқ ундан чиққан ҳукмрон партиядагилар эса 2 октябрь кунги сайловлар натижаларига кўра муддатидан олдинги парламент сайловлари ўтказилишини истисно қилишганди.

Шунга қарамай, таҳлилчилар 43 фоизлик чегара «Грузия орзуси» учун жиддий синов бўлишини айтишган, айниқса ўтган йилги парламент сайловлари натижалари мухолифат томонидан тан олинмаганидан кейин.

Сайлов арафасида воқеалар қизғин тус олди, мамлакатни 8 йил муқаддам тарк этган ва сиртдан жазога ҳукм қилинган собиқ президент Михаил Саакашвили кутилмаганда Грузияга қайтди ва ўз тарафдорларини 3 октябрь куни пойтахт томон ҳаракатланиб, «референдум натижаларини ҳимоя қилиш»га чақирди.

Мухолифатнинг партия рўйхати бўйича овоз беришдаги натижалари кутилгандек бўлмади. МСКнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳукмрон партия пропорционал овоз беришда 47 фоиз овоз тўплаган ва барча рақибларни ортда қолдирган. Михаил Саакашвили томонидан асос солинган, айни вақтда энг йирик мухолиф партия бўлган «Ягона миллий ҳаракат» партияси эса 31 фоиз атрофида овоз олган.