Жаҳон | 11:44 / 06.10.2021
7608
2 дақиқада ўқилади

Толиблар электр энергия учун қарзни узишда БМТдан 90 миллион долларлик ёрдам сўрашди

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг электр энергия учун қўшни давлатлар олдидаги қарзини тўлашда БМТдан ёрдам сўради. Аввалроқ мамлакатнинг электр учун қарздорлиги 62 млн долларга етгани маълум қилинганди.

Фото: korrespondent

“Афғонистоннинг DABS энергетик корпорацияси БМТнинг Афғонистонга кўмак бериш миссиясидан (UNAMA) электр энергия етказувчилар олдидаги қарзини тўлаш учун 90 млн доллар сўради. Агар рад жавоби берилса, компания электр энергия учун пулни қарздорлиги бўлган истеъмолчилардан ундиришига тўғри келади”, деб айтилган хабарда.

Аввалроқ DABS Афғонистоннинг қўшни давлатлар олдида электр энергия учун қарзи 62 млн долларга етганини маълум қилган. Таъкидланишича, мамлакат электр учун Эронга 25 млн доллардан кўпроқ, Тожикистонга 11,2 млн доллар, Ўзбекистонга 9,9 млн доллар ва Туркманистонга 5,1 млн доллар тўлаб бериши керак. Бундан ташқари, корпорациянинг энергия ишлаб чиқарувчи маҳаллий компаниялар олдида ҳам қарздорлиги бор. 

Компания раҳбари Сафиулла Аҳмадзой DABS қўшни давлатларга ўз қарзини узишга ваъда бериб ва улардан электр таъминотини узмасликни сўраб мактуб йўллаганини тасдиқлаган. Ўз навбатида, Тожикистон ва Ўзбекистон қарздорлик мавжудлигига қарамай, қиш мавсумида Афғонистонни электр таъминотидан узмаслигини маълум қилган.

Вазият Афғонистоннинг аксарият аҳолиси айни вақтда молиявий муаммоларни бошдан кечираётгани ва электр учун ҳақни тўлай олмаслиги билан қийинлашган. Кобулда яшовчи айрим аҳолининг электр учун қарздорлиги 600 долларгача етган ва бу пойтахтда яшовчи ўртамиёна оила учун “улкан” сумма ҳисобланади.  

Аввалроқ Афғонистон ислом банки ижрочи директори Сайёд Мусо Калим Ал-Фалаҳий мамлакат молиявий таназзул ёқасида эканини ва хорижий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилганди. Вазият ҳокимият тепасига толиблар келгандан кейин Афғонистоннинг хорижда сақланувчи пуллари музлатиб қўйилгани билан янада оғирлашган.

Мавзуга оид