Ўтган ойда Kun.uz Андижон шаҳар 3-кичик даҳадаги 5 та кўп қаватли уй беш йилдан бери табиий газдан мосуво экани ҳақида танқидий мақола эълон қилганди.

Шунингдек, Жалақудуқ туман Ойбулоқ маҳалласи аҳолисининг электр таъминоти ва ичимлик суви муаммосидан қийналаётгани бу камчиликларга ҳокимият вакиллари эътибор бермаётгани “Жалақудуқдаги ҳоким оёғи етмаган маҳалла: кучланиш 110 волт, ичимлик суви «качалка»да, таппи сероб” сарлавҳали мақолада ёритилганди.

Ҳўш, танқидий мақолаларимиз самара бердими? Биз яна ўша ҳудудларга бориб, мутасаддилар танқиддан қандай хулоса чиқаргани билан танишдик.

“Ҳокимият газ қувури тортди, уйларимизни ҳам таъмирлаб берди”

Андижон шаҳар Ўрикзор маҳалласидаги 3-кичик даҳа 40, 21, 21 “А” ва 44-уйларда мавжуд табиий газ таъминоти муаммоси ижобий якун топибди.

“Мақола интернет нашрида чиққанидан сўнг бешта кўпқаватли уйларимизга вилоят ва шаҳар ҳокимлиги,“Ҳудудгаз” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” идоралари ходимлари келишди. Аҳолидан пул йиғилмай, газ идораси томонидан 800 метр газ қувури тортилди.

Қувонарли томони, ҳокимлик уйларимизнинг фасадини таъмирлаб, томимизни ҳам тўғрилаб беряпти. “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси қиш олдидан барча электр кабелларини янгилаб, трансформаторларни кўрикдан ўтказди.

Мен, тўғриси, Ўзбекистонда муаммоларни матбуот орқали кўтариб чиқиб ҳал қила олиш имконияти борлигидан, эркин фикр айтиш ҳуқуқим борлигидан хурсанд бўлдим”, – дейди Светлана Акобжанова.