Ўзбекистон | 16:12 / 13.10.2021
3895
2 дақиқада ўқилади

Нукусда уйининг томини термит еб битираётган аёлга вақтинчалик уй ажратилди

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Маълум қилинишича, нукуслик аёл Б.З. 5 йилдан буён авария ҳолатидаги уйда яшаши ва кунлар совиб кетиши оқибатида ўзи ва 10 ёшли қизининг соғлиғига жиддий зарар етаётгани бўйича амалий ёрдам сўраб омбудсманга мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат ўрганиш учун омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили Зухра Реймовага юборилган. Минтақавий вакил мурожаатчининг уй манзилига масъул сектор раҳбари, маҳалла бўлим бошлиғи ва фуқаролар йиғини раиси билан борганида ҳақиқатан ҳам фуқаро жуда оғир шароитда яшаётганига гувоҳ бўлган.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Уйнинг том қисмидаги тахталарни ваҳмак (термит) ҳашароти еб битираётгани сабабли, турар жой авария ҳолатига келиб қолган. Қолаверса, ёғингарчилик бўлса уй томидан чакки ўтади, иситиш тизими ишламагани сабабли уй доим совуқ ва зах ҳолатда бўлади.

Ўрганиш ишлари давомида фуқаро Б.З. ишсизлиги сабабли арзон турар жой учун ипотека кредитини расмийлаштира олмаётгани ва тўловларни вақтида тўлаши учун ҳам доимий ишга эга бўлиши кераклигини маълум қилган.

Омбудсман вакили Зухра Реймованинг аралашуви билан мурожаатчига шаҳар ҳокимлиги балансида турган Нукус шаҳар «Елиабад» МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон вақтинча ажратиб берилди.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Ҳозирги кунда фуқаро Б.З.ни мутахассислиги бўйича доимий иш билан таъминланиш чоралари кўрилмоқда.

Бундан олдин омбудсман вакили Қорақалпоғистонда фуқароликни расмийлаштиришда фуқаролардан 5 млн сўм ортиқча жарима ундирилгани, 4 та туманда 281 мурожаатга жавоб хатлари юборилмаганини аниқлаганди.

Аввалроқ эса Нукус туманидаги ғишт заводида ишлаётган 100 дан ортиқ маҳкумга 3 ойлик маош берилмагани маълум бўлганди.

Мавзуга оид