АҚШ расмийлари Ўзбекистонни мамлакат минтақавий манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам берадиган ягона мамлакат деб ҳисоблашмоқда. Politico нашри Вашингтон ва Тошкент ўртасида яқинроқ алоқалар ўрнатиш борасидаги ишлар анча чуқурлашгани ва АҚШ парламентида Ўзбекистоннинг дўстлари ортиб бораётгани ҳақда хабар берди.
Маълум қилинишича, октябрь ойи давомида Пентагон расмийларининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда ва хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинади. Ташриф давомидаги асосий масала АҚШнинг терроризмга қарши кураш кучларини «уфқда» жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилиш бўлади. Бу АҚШ ҳарбийларига Афғонистондаги нишонларни кузатишни осонлаштириш ва мўлжалларга зарба беришини енгиллаштириш имкониятларини яратади.
Қайд этилишича, Байден маъмурияти Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадош бошқа давлатлар билан бир неча ойдан бери музокаралар олиб бормоқда. АҚШ расмийларининг маълум қилишича, Афғонистондан мамлакат ҳарбийлари чиқиб кетгач, Қўшма Штатлар ташқи сиёсатида Ўзбекистон муҳим рол ўйнай бошлаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро чегарадош мамлакат экани сабаб қочқинлар масалалари ва Америка қўшинларини қабул қилиш борасида муҳим аҳамият касб этиши ва музокаралар учун очиқ мамлакат эканига ишонишмоқда. Улар Ўзбекистонни АҚШнинг минтақавий манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам берадиган ягона мамлакат деб билишмоқда.
Бунга сўнгги пайтларда АҚШ конгресси ва бошқа идоралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари фаоллашгани мисол сифатида келтирилган.
АҚШ Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси аъзоси Август Плфюгер сўзларига кўра, потенциал террорчилар билан географик яқин дўст мамлакатнинг бўлиши тактик ва стратегик жиҳатдан муҳимдир.
Иккала мамлакат ўртасида алоқаларнинг ривожланишида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳам эътироф этилган.
Вакиллар палатаси аъзоси Дон Бэкон Ўзбекистоннинг Вашингтондаги ваколатхонасини «мен кўрган энг фаол элчихоналардан бири» дея таърифлаган. The Humpty Dumpty Institute директори Жозеф Мерант эса «Ўзбекистон элчихонаси биз ишлаган энг профессионал ва фаол элчихоналардан бири» дея эътироф этган.
Нашр бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири аллақачон АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувлар ўтказгани ҳақида ёзган.
Дон Бэкон АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо тўсиқларини олиб ташлашга ҳаракат қилишини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Небраскада Ўзбекистон делегациясини қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилган. Бундан ташқари, у Небраска ва Ўзбекистон шаҳарларидан бири ўртасида биродар-шаҳар муносабатларини ўрнатишга умид қилаётганини айтиб ўтган.







