Kun.uz янги лойиҳани тақдим этади – “Абгор манзиллар”.
Ўзбекистонда кўплаб хайрли ишлар қилинаётгани бор гап. Обод манзиллар кўп ва кўпаймоқда. Абгор манзилларга эса эътибор керак. Ютуқларимиз ўзимизники, камчиликларни эса, президент айтганидек, очиқ айтиш керак, кўрсатиш керак. Давлат раҳбари бу борада айнан бизга – ОАВ вакилларига таянишини айтди ва биз бу таянч вазифасини бажаришга киришганмиз. Янги лойиҳамизни “Обод манзиллар” деб номлашни қанчалар исташимизни билсангиз эди. Бироқ...
Илк кўрсатувимиз Тошкент шаҳри марказида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳақида.
Биз бу боғ ҳақидаги репортажимизни эътиборингизга ҳавола қилган эдик:
Сотилган ва унутилган: Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғидан қайғули репортаж
Ўша репортаждан кейин Экология қўмитаси ва ҳудудга масъул бўлган “Олмазор бизнес сити” дирекциясидан реакция бўлди. Қўмита бу масканда ҳашар ўтказишини айтди ва бу ишни амалга оширди. Бироқ бизда ҳашардан кейин ҳам саволлар туғилди: Экология қўмитасининг иши ҳашар ўтказиш холосми ёки бу ҳудудни ўз ваколати доирасида назорат қилишми? Ҳудудда тозалаш ишлари ўтказиш, у ерни ободонлаштириш эътирофга лойиқ иш, аммо бир марталик ҳашарнинг фойдаси қанчалик? Аслида, ҳудудга яқинда бириктирилган “Олмазор бизнес сити” дирекцияси тозаликка масъул эмасми?

Унгача бу ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансида бўлган экан, шу пайтгача ҳокимлик нега ҳудудни қаровсиз қолдирди?
Саволларимиз давом этади: бундай катта масканни узоқ вақт давомида қаровсиз қолдиришдан манфаат борми? Интернет фойдаланувчиларининг кўпчилиги бу “апробациядан ўтган схема” эканини, яъни аввал бирор катта ҳудуд қаровсиз қолдирилиб, кейин ташландиқ ҳолга келгач: “Мана, қаралмай қолиб кетди, дарахтлар қуриб қолди, чиқиндихона бўлиб кетди, бирор инвесторга бермасак бўлмайди, инвестор обод қилиб ўтиради”, деган важ-корсонлар билан ҳокимлик ерларни сотиш учун ўзига баҳона топиб, халқ мулкини тадбиркорларга сотиб юборяпти, деб изоҳ қолдиришларида бирор ҳақиқат борми?















