Ўзбекистон | 13:12 / 16.10.2021
2666
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти «маҳаллабай» ишлаш бўйича намуна бўлиши шарт - Президент

Тошкент вилоятида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун зарур инфратузилма, молиявий ресурс, аҳолида етарли тадбиркорлик салоҳияти мавжуд. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш учун ёшларни янги бизнес кўникмаларига ўргатиш, маҳаллаларда ишларни тизимли ташкил этиш зарур. Сайловолди дастури доирасида мен ҳар бир вилоятга борганимда янги “маҳаллабай” ишлаш тизимини тушунтириб келяпман. Бу борада Тошкент вилояти “маҳаллабай” ишлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича намуна бўлиши шарт.

Ҳар бир маҳаллада жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари лавозимига кўзи ёнадиган, ишбилармон, янгиликларни жорий этишдан қўрқмайдиган, шашти баланд ёшларни танлаб оламиз ва ойлик маошини муносиб қилиб берамиз. Уларда зарур маблағ, ваколат ва механизмлар бўлади.

Биринчи бўлиб, ҳоким ёрдамчилари: маҳаллада уюшмаган ёшлар, ишсизлар, бўлажак тадбиркорлар рўйхати ва эҳтиёжларини аниқлайди; уларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил қилади ва пулини тўлаб беради; ўз ишини бошлаётганларга зарур ускуналар олишга кўмаклашади; банклар билан бирга, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кредит олиш ва ишга тушириш бўйича ёрдам беради. Туманни кўрмаган одам қандай қилиб раҳбар бўлади? Одамларни рози қиладиган, ишсизликни камайтирадиган, беморларни даволанишига кўмаклашадиган, таълимга эътибор берадиган – энг муҳими, маҳаллада ўзини кўрсатган одамни мен жамоамга оламан. Бўлмаса керак эмас! Қоғозда мақтаб ишга оладиган вақт ўтиб бўлди.

Умуман олганда, вилоятда кичик бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш кескин кўпайтирилади. Жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурлари учун ҳар йили 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилади, халқаро молия ташкилотларидан 60 миллион доллар жалб қилинади, тадбиркорларга кредит фоизини компенсация қилишга қўшимча яна 100 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар, лойиҳалар амалга оширилишига қараб, ҳар йили кўпайтириб борилади.

Ишсизлик юқори бўлган Бўка, Пскент, Оққўрғон, Бекобод туманларида янги тадбиркорлик субъектлари учун, 2025 йил 1 январга қадар ер, мол-мулк, айланмадан олинадиган солиқлар 1 фоиз, фойда солиғининг амалдаги ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Бекобод ва Оққўрғон туманларини ривожлантириш дастурлари қабул қилиниб, уларга бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилади”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид