Пахтачидаги болалар боғчасидан хўжалик мудири ошпаз билан тил бириктириб, ошхонадан пиширилган гўшт ўғирлаб чиққани ва бу ишни боғча мудирасининг топшириғига кўра амалга оширгани ҳақидаги хабар кўпчиликни ғазаблантирди.
Чунки дунёда етимлар ва ёш гўдакларнинг ҳақини ейишдан ҳам оғирроқ гуноҳ ҳам, жиноят ҳам бўлмаса керак. Минг таассуфлар бўлсинки, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг аксариятида мана шундай иллат ҳамон сақланиб турибди.
Пахтачидаги ҳолат видеотасвир билан исботланди, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Аммо мен аниқ ишонаманки, Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагидаги давлат МТТларда ташмачилик, ўғрилик ва болалар ҳақига хиёнат эҳтимоли сақланиб тураверади.
Нега ишлар қўлга тушмаган ўғри эмас, қабилида давом этмоқда?
Биринчи ва бош сабаб — давлат томонидан боғча тарбиячилари ва бошқа ходимларига берилаётган маош жуда оз. Унга рўзғор тебратиб бўлмайди. Натижада ташмачилик, болалар ҳақига хиёнат авж олади.
Боғчада етарлича овқатланмаслик оқибатида болалар камқон, нимжон бўлиб вояга етишади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш авлодни болалар боғчасидан бошлаб тарбиялашга катта эътибор қаратила бошланди. Мактабгача таълим тизими буткул ислоҳ қилинди. Алоҳида вазирлик тузилди. Бу орада кўплаб боғчалар таъмирланди. Уй боғчалари очишга рухсат берилди. Давлат томонидан 1 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу ишлар натижасида сўнгги йилларда юртимизда мактабгача ёшдаги болаларнинг МТТларга қамров даражаси ҳам кескин ошди.
Энг таассуфлиси, жойларда бу ислоҳотларни тушунмасдан, моҳиятини англамасдан, борига қаноат қилмасдан, эскича фикрлаб, ишлаётганлар учрамоқда.
Нега боғчаларда аутсорсинг хизмати ривожланмаяпти?

Хорижий тажрибани жорий этиб, болалар боғчаларини озиқ-овқат билан таъминлашни аутсорсинг тизимига ўтказиш борасида кўп гапирилди. Кўргазма ва семинарлар ўтказилди. Шахсан ўзим уларнинг бир нечтасида қатнашганман.
















