Андижон вилояти Пахтаобод туманида тез тиббий ёрдам врачи беморнинг маст қариндоши томонидан калтакланди.

Бу ҳақдаги хабарни Kun.uz'га жабрланувчининг ҳамкасблари етказди. Биз азият чеккан шифокор Шоҳрухбек Зокиров даволанаётган Андижон тиббиёт институти клиникасига бордик.

Шоҳрухбек оғир мушт ё тепкилардан бурни синган, юзи моматалоқ. Врачларга кўра, орқа мияси чайқалган. У руҳан эзилган бўлиб, бу ҳолат унинг хаста овозидан сезилиб турибди. Шифокор ҳозир клиниканинг оториноларингология кафедрасида даволанмоқда.

Беморнинг маст қариндоши томонидан калтакланган Шоҳрухбек Зокиров 2019 йилдан бери Пахтаобод туманининг чекка ҳудуди бўлган Маданият қишлоғидаги тез тиббий ёрдам шохобчасида ишлайди. У 16 октябрь куни шохобчага навбатчилик учун келади. Тунги чақирувга бошқа бир врач Нодирбек Аҳмедов бошчилигидаги тез ёрдам гуруҳи чиқиб кетгач, ўша чақирув бўлган хонадон эгаси тез ёрдам машинаси етиб бормасдан ўз автомашинасида онасини шохобчага олиб келган.

“Касал аёлнинг ўғли шохобчага кира солиб, бақира кетди. Ундан спиртли ичимлик ҳиди келиб турарди. Мен онахонни қабул қилиб, қон босимини ўлчадим, юрагини эшитдим ва керакли муолажани қилдим. Аёл асабийлашган ва шунинг таъсирида қон босими бироз кўтарилган экан. Уколлар таъсир қилиб бемор ўзига кела бошлади. Маст ўғли шохобча ичида бақириб тўполон қилиб сўкиниб юрди. У ҳаммани бир-бир ҳақорат қилиб, врач Маҳмуд ака Деҳқоновни ёқасидан олиб бўға бошлади. Мен ажратгани бордим ва ажратдим. Шундан сўнг маст менга эътибор қаратди.

Йўлакдан кетаётганимда орқамдан келиб, юзимга мушт туширди ва мен йиқилганимда кўп марта зарбалар берди. У ёғига нима бўлганини билмайман. Ажратиб қўйишди. Кейин участка нозири келди.

Мен врач акамнинг ёнига бордим. Клиникага олиб келишди. Синган бурнимни репозиция(буруннинг синган суякларини жойига келтириш) амалиёти қилишди. Миям чайқалган экан. Даволаняпман. Ота-онам “Қайтиб ишга бормайсан!” дейишди. Бизда охирги пайтлар беморларнинг яқинлари маст ҳолатда шифокорларни ҳақорат қилиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Кеча ИИБ ходими келиб ариза олди”, – дейди Шоҳрухбек Зокиров.