Жаҳон | 16:15 / 22.10.2021
4568
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған туркий давлатлар халқаро нашрларнинг икки томонлама стандартларидан жабр чекаётганини айтди

Ражаб Тоййиб Эрдўған халқаро нашрларнинг икки томонлама стандартларидан туркий давлатлар жабр чекаётгани ҳақида гапирди ва буни «рақамли фашизм» деб атади.

Эрдўған ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқалиши авж олган ҳозирги даврда ушбу форум кенгаш давлатлари ва ОАВ вакиллари ўртасида бирдамлик мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

«Дунёдаги барча бошқа давлатлар каби, бугунги кунда биз ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ёлғон маълумотларни фош қиляпмиз. Ёлғон ва ўзгартирилган хабарлар ортидан дунёдаги миллионлаб ҳимоясиз инсонлар руҳан жароҳат олмоқда.

Ўзини ўзини назорат қилмайдиган ва умуман назорати бўлмаган ижтимоий тармоқлардаги каналлар бугун демократияга, ижтимоий ҳаётга ва давлатларнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Қанчалик ривожланган бўлишига қарамай, бирорта давлат ёки жамият бугун «Рақамли фашизм»нинг вайронкор ҳаракатларидан ҳимоя қилинмаган. Туркий дунё халқлари ҳам «Рақамли фашизм» – халқаро ОАВнинг икки томонлама стандартларидан жабр чекмоқда», деди Туркия президенти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг «Олис ўтмиш, кучли келажак» номли медиафоруми қатнашчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Туркия раҳбари сўзларига мисол сифатида Тоғли Қорабоғдаги урушни ёритган халқаро ОАВ вакилларини келтирди.

«Биз бундай иккиюзламачиларча муносабатни Тоғли Қорабоғда давом этган 44 кунлик урушда ҳам кузатдик. Уруш давомида бирор марта ҳам Арманистон армияси томонидан тинч аҳоли яшаш жойлари баллистик ракеталар отилгани ва қирғин қилингани эслаб ўтилмади.

Журналистиканинг мустақил ва объективлиги ҳақида гапирадиган халқаро ОАВ уруш даврида ўзларини худди Арманистон расмий ахборот агентлиги каби тутишди. Шунингдек, Қорабоғ уруши бу ҳолатнинг ягона мисоли эмас.

Бошқа стратегик масалалар каби, ОАВ ва коммуникация масалаларини ҳам биз ўзимиз, бошқаларнинг ёрдамига таянмасдан ҳал қилишимиз керак», дея Туркия президентининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Ражаб Тоййиб Эрдўған туркий давлатлар бу борада тажриба алмашиб, кучларини бирлаштириши ва имкониятлардан самаралироқ фойдаланиш йўлларини биргаликда қидириши кераклигини айтди.

«Бу борада ушбу медиа форум бизга мустаҳкам платформа бўлишига ишонамиз», деди у.

22 октябрь куни Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг «Олис ўтмиш, кучли келажак» номли медиа форуми бошланди. 24 октябрга қадар давом этадиган форумда Озарбойжон, Шимолий Кипр, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Туркманистон ва Ўзбекистондан 500дан ортиқ ахборот соҳаси расмийлари, тилшунос олимлар, дипломатик корпус вакиллари, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашмоқда.

Мавзуга оид