Uzbek.life портали хориждаги ватандошларимиз ҳаёти ҳақида маълумот берувчи суҳбатларни давом эттиради. Бугунги меҳмон ватандошимиз Mastercard компанияси дастурчиси Саидбек Арслонов.
Мен Тошкентда туғилиб вояга етганман. Олмалиқ тиббиёт коллежини тамомлаганман. Шу боис кўпчилик қизиқади, нега бу соҳадан кетмадим? Дастурлаш ва тиббиётни бир-бирига узоқ соҳа деб баҳолашади. Менда ўзи кичиклигимдан компьютерларга қизиқиш катта бўлган. Айнан дастурлаш соҳаси орқали ҳам тиббиётни ривожлантириш мумкин. АҚШга 9 йил олдин оилавий кўчиб келганмиз. Ҳозир Mastercard компаниясида дастурчи бўлиб ишлайман.

Америкада иш топиш ва ишлаш
Бошида ҳамма ишга рози бўлаверасиз. Mен ҳам илк борган вақтим ресторанда официант ёрдамчиси бўлиб ишлаганман. Официант ёрдамчисининг вазифаси мижозлар овқатланиб бўлгандан кейин, идишларни йиғиб олиш ва уларни идиш ювишга олиб бориш эди. У мижозларнинг ўзи билан бевосита гаплашмайди. Официантлар тушган чой-чақа пулидан уларга ҳам беришади. Мана шу ишда ишлаб юрганман. Кейин дорихонада ишлаганман, у ерда қўполроқ қилиб айтганда, югурдак вазифасини бажарганман. Яъни асосан буюртма қилинган дориларни уйга етказиб бериш ёки дорихонага юклар келганда, уни тушириш менинг вазифам эди. Бу соҳада бир йилдан кўп вақт ишлаганман. Кейин менга машина ҳайдашни маслаҳат беришган. Сабаби айнан машина ҳайдаганда истаган вақтингда ишлаш ва истаган вақтингда ўқиш имконияти бор деб айтишган. Албатта, менда ҳам ўз ишимни топгунимча қийинчиликлар бўлган. Лекин ёнимдаги инсонлар менга тўғри йўл кўрсатишган. Дастурлаш соҳасига кирганимдан сўнг ҳаммаси яхши бўла бошлаган. Кейин дастурлаш соҳасини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилганман.

Муваффақиятга эришишда мотивациянинг ўрни
Муваффақиятга эришишимда менга энг кўп ёрдам берган ва ҳар доим мени қўллаб турадиган инсон бу менинг акам. Муваффақият фақат омадга боғлиқ деб ўйламайман, лекин менинг омадим бу дадамга Грин-карта чиққани ва АҚШга келганим. Лекин ҳамма Америкага келганлар ҳам ҳаракат қилмайди. Чунки бу ерда дастурлаш соҳасини ўрганиб яхши иш топиш мумкин, айнан дастурлаш соҳасига Америкада талаб катта ва университетда ўқиган бўлиш ҳам шарт эмас. Энди мотивацияга келадиган бўлсак, менда айнан яхшироқ жойда ишлаш учун яхшироқ пул топиш учун мотивация пайдо бўлишига, албатта, атрофимдаги инсонлар сабаб бўлишган. Бошида айтганимдек қора ишларда ишлаб юрганимда менинг атрофимдаги ўзбеклар ҳам айнан шу каби ишларда ишлашарди. Мен ҳам уларга қараб, яшаб юрибман-ку деган фикр бўлган. Лекин кейинчалик, бошқа штатга кўчганимизда атрофимдаги ўзбекларни яхшироқ ишда ишлаётганини, яхшироқ пул топаётганини кўриб, менда ҳам ҳаракат қилишга мотивация пайдо бўлган. Ўша атрофимдаги яхшироқ ишда ишлайдиган инсонлар шанба ва якшанба кунлари дам олишга кетишарди, улар ҳафтада 3 ёки 5 кун ишлашарди. Менда эса пицца марказида ишлаётганимда шанба ва якшанба кунлари иш жуда кўп бўларди. Улар эса бу кунларда дам олишга кетишарди. Шунда билганман, одам атрофига кучли инсонларни йиғиши керак ва шундагина сиз уларга қараб яхшироқ ҳаракат қилишни бошлайсиз.






















