Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юсуф Турсунов давлатнинг 1 млрд сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилгани учун суд ҳукми билан мансабдор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилгани, аммо у 2 ой давомида лавозимидан бўшатилмай келгани ҳақида Kun.uz суриштируви эълон қилинган эди.
Суриштирувдан сўнг мавзунинг янги тафсилотлари маълум бўлди. Аввалига суд ва ИИБ пробация хизматидаги масъулларнинг бемалолхўжалиги ҳақида сўз юритамиз.
Навоий шаҳар суди ва ИИБ биноси ўртасида масофа тахминан 4 км, лекин ҳужжатлар 1 ойда етиб боради
Майдони унча катта бўлмаган шаҳарда суд ҳукми биринчи манзилдан иккинчи манзилга етиб боришда қандай “йўлларни босиб ўтгани”га тўхталмай илож йўқ.
Юсуф Турсуновни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд ҳукми 2021 йил 18 август куни кучга кирган. Ҳукм ижросини таъминлаши керак бўлган ҳужжат шаҳар жиноят судида қарийб бир ой ётган.
2021 йилнинг 16 сентябрь куни махсус алоқа хизмати орқали ҳукм Навоий шаҳар ИИБ пробация гуруҳига жўнатилган.

Идоралар орасидаги масофа нари борса 4 км бўлган бир вақтда 16 сентябрь куни йўлга чиққан конверт ўз манзилига нақ 8 кун деганда –24 сентябрь куни етиб келади.
Ҳукм ИИБда ҳам 10 кун “меҳмон” бўлади.

Ижро ҳужжати маҳкумдан бериб юборилганини қандай баҳолаш мумкин?!
Навоий шаҳар ИИБ пробация гуруҳи катта инспектори Улуғбек Шариповнинг Kun.uz'га маълум қилишича, лавозимдан озод қилиш ҳақидаги хат 2021 йилнинг 4 октябрь куни почта ёки бошқа бирор алоқа воситаси орқали эмас, нимагадир айнан Юсуф Турсуновнинг ўзидан Навоий шаҳар ҳокимлигига бериб юборилади.
Бу тақдимнома ҳам қисқа масофага узоқ йўл босади: орадан 14 кун ўтиб, 2021 йил 18 октябрь куни ҳокимликка “етиб келади”. Хатни айнан Турсуновнинг ўзи олиб келганми ёки масала жамоатчилик диққат марказига тушганидан кейин масъуллар “типирчилаб” қолишдими, буниси Kun.uz'га қоронғи.








