Фан-техника | 00:13 / 29.10.2021
47007
3 дақиқада ўқилади

Facebook компанияси ўз номини Meta деб ўзгартирди

Facebook компанияси Meta’га ребрендинг қилди. Компаниянинг ижтимоий тармоқлари номи ўзгармайди.

Фото: Facebook

Facebook компанияси асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг компаниянинг номи Meta деб ўзгартирилганини эълон қилди.

“Бугунги кундан биз Meta деб номланамиз”, деб айтган янги бренднинг онлайн-тақдимотида Цукерберг.

У “Meta” сўзи грекчадан “кейин” деган маънони англатишини қўшимча қилиб кетган. “Мен учун у яна ниманидир қуриш мумкинлигини англатади”, деб таъкидлаб ўтган тадбиркор.

Шу билан бирга, компания дастурлари номлари ўзгаришсиз қолади.

Марк янги ном компания нафақат Facebook ижтимоий тармоғи, балки WhatsApp мессенжери, Instagram ижтимоий тармоғи, Oculus ва бошқа сервислардан иборатлигини таъкидлашини айтган.

“Ҳозирда брендимиз бир маҳсулотимизга шунчалик чамбарчас боғланганки, у бугунги кунда биз шуғулланаётган барча нарсани акс эттирмайди”, деб айтган Facebook ижтимоий тармоғини назарда тутиб компания раҳбари.

Цукерберг янги бренд компаниянинг бош мақсади – метакоинотни ҳаётга татбиқ этишини қўшимча қилган.

Унинг айтишича, Meta бизнеси марказида Facebook ижтимоий тармоғи эмас, балки “виртуал метакоинот” бўлади. Шу сабабли Meta фойдаланувчиларига компаниянинг бошқа сервисларидан фойдаланиш учун эндиликда Facebook ижтимоий тармоғи керак бўлмайди.

“Метакоинот – интернет тараққиётининг янги босқичи. Унинг асосий мақсади одамларни бирлаштириш, уларга мулоқот қилишда ёрдам беришдир”, деб таъкидлаб ўтган Цукерберг.

Компаниянинг логотипи ҳам янгиланди. Унда кўк рангдаги Мёбиус тасмаси ва “Meta” ёзуви акс этган.

Facebook’нинг қайта номланиши ортида компания акциялари нархи 3 фоизга кўтарилган.

Facebook ребрендинг ўтказиши ҳақида ўтган ҳафта маълум қилинганди.

Таъкидланишича, компания ўз номини ўзгартиришини ички ҳужжатлари сизиб чиқиши атрофидаги можаро ортида эълон қилди. Ушбу ҳужжатларга кўра, компания раҳбарияти кўпроқ даромад олиш мақсадида адоватни қўзғовчи баъзи номақбул контентларга кўз юмган.

Мавзуга оид